Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хитой олтин захирасининг миси чиқди — 83 тонна мис...

Хитой олтин захирасининг миси чиқди — 83 тонна мис...

Фото: «Reuters»

Хитойнинг заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчи йирик компанияси — «Wuhan Kingold Jewelry» қалбаки олтин қуймаларидан фойдалангани фош этилди.

Компания уларни кредит ва ссудалар олишда ишлатган. Фирибгарлик бадални вақтида ололмаган кредиторлардан бири — «Dongguan Trust» ўз мулкини (олтинларни) сотишга қарор қилганидан кейин юзага қалқиб чиқди.

«Wuhan Kingold Jewelry» олтин қуймалари текширилаётганини эшитиб, бошқа қарз берувчиларнинг ҳам пайтавасига қурт тушди. Текшириб кўришса, бу қуймаларнинг барчаси олтин суви югуртирилган мис экан.

«Wuhan Kingold Jewelry» компаниясининг жами 83 тонна шунақа «олтини» аниқланди — бу мамлакат олтин захирасининг 4,2 фоизи демакдир. Шу олтин (аслида мис)ларни гаровга қўйиш ҳисобидан компания 2013 йилдан бери 20 млрд. юан (2,8 млрд. АҚШ доллари) миқдорида молиявий қувватга эга бўлган.

Тарихдаги энг йирик қалбаки олтин воқеаларидан бирига янаям драматик оҳанг берадиган жиҳатлардан бири шуки, уханликларнинг олтинини давлат суғурта компанияси — «PICC Property and Casualty» суғурталаган.

«Wuhan Kingold Jewelry» фирибгарлигининг фош бўлишига аслида сармояни омадсиз йўналтириши сабаб бўлган. Компания автомобилларга эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи хусусийлаштирилаётган «Tri-Ring» компаниясига 2018 йили пул тикади. Бунинг учун керакли пулни (7 млрд. юан) қалбаки олтинларини гаровга қўйиш эвазига олади. Бироқ кейинчалик «Tri-Ring»да коруппцион можаро келиб чиқиши ортидан хусусийлаштириш жараёни музлатиб қўйилади, пулларини қайтариб олишга улгурмаган «Kingold» ўз қарз берувчисига вақтида жавоб бера олмайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг