Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Халқаро судга Исроил борасида шошилинч талабнома юборилди

Халқаро судга Исроил борасида шошилинч талабнома юборилди

Жанубий Африка Республикаси Ҳаага шаҳридаги Халқаро судга Исроилнинг Рафаҳ шаҳридаги ҳаракатлари юзасидан шошилинч талабнома юборди.

Исроил 1,5 миллион фаластинлик жон сақлаётган Рафаҳ шаҳрида кенг кўламли ҳарбий амалиёт ўтказмоқчи.

ЖАР раҳбарияти эса халқаро маҳкамадан Исроилнинг фаластинликлар учун сўнгги бошпана бўлган шаҳарда амалиёт ўтказишига йўл қўймасликни сўраган.

«Суд Ғазода фаластинликларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилиши олдини олиш учун ўз ваколатларидан фойдаланиши керак», – дейилади ЖАР президенти матбуот хизмат тарқатган хабарда.

Талабномада қайд этилишича, Рафаҳда ҳарбий амалиёт ўтказилиши мисли кўрилмаган қурбонлар ва талафотларга олиб келади. Қолаверса, бу Геноцид тўғрисидаги конвенциянинг очиқ бузилиши саналади.

Аввал хабар берганимиздек, 2023 йил 29 декабрь куни ЖАР Исроилни Ғазо секторида фаластинликларга нисбатан геноцид жиноятини содир этишда айблаб халқаро маҳкамага мурожаат қилган эди.

Яҳудий давлати ҳарбийлари 1948 йилда қабул қилинган Геноцид тўғрисидаги конвенцияни бузган ҳолда, Ғазода минглаб тинч аҳоли вакилларини ўлдириш, Фаластин аҳолисининг бир қисмини қасддан қиришда айбланмоқда.

Халқаро суд 2024 йил 26 январь куни қабул қилган қарорга асосан, Исроилга Ғазо секторида геноцид ҳаракатларининг олдини олиш ва гуманитар вазиятни яхшилаш учун барча чораларни кўриш мажбурияти юкланган.

ЖАР раҳбариятига кўра, Рафаҳда ҳарбий амалиёт ўтказилиши 26 январь кунги қарорга ҳам зиддир.

ЖАРнинг 50 га яқин ҳуқуқшунослари Халқаро судга АҚШ ва Буюк Британия ҳукуматлари устидан ҳам даъво билан мурожаат қилмоқда. Уларга кўра, Фаластин ҳудудларида содир этилган ҳарбий жиноятларга Вашингтон ва Лондон ҳам шерикдир. 

Сўнгги кунларда дунё ҳамжамияти Исроил армиясининг Рафаҳга ҳужуми оқибатларини муҳокама қилмоқда. Халқаро ташкилотлар Тель-Авив маъмуриятини юз минглаб фаластинлик қўним топган мазкур шаҳарга ҳужум оммавий қирғинга олиб келишидан огоҳлантирган.

Рафаҳга ҳужум режасини Исроилнинг яқин иттифоқчилари ҳам маъқулламаган. Жумладан, АҚШ Исроил фаластинлик тинч аҳоли вакиллари хавфсизлигини таъминламас экан, Рафаҳдаги ҳарбий амалиёт қўллаб-қувватланмаслигини билдирган.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель ҳам Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Рафаҳдаги фаластинликларни ошиғич равишда кўчириш ҳақидаги буйруғини танқид қилди.

«(Фаластинликларни) қаерга кўчиришмоқчи? Ойгами? Бунча одамни қаерга эвакуация қилиш мумкин?» – дея савол қўйган юқори мартабали дипломат.

Ғазода тўрт ойдан буён давом этаётган урушда камида 28576 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, 68291 киши жароҳатланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг