Халқаро суд прокурори Исроилни огоҳлантирди
Исроил томонидан қамал остидаги Ғазо аҳолисига гуманитар кўмак етказишга тўсқинлик қилиниши Женева конвенциясига мувофиқ Халқаро жиноий суд ваколатидаги ҳарбий жиноят деб топилиши мумкин. Бу ҳақда Халқаро жиноий суд прокурори, британиялик Карим Хон минтақа бўйлаб сафари давомида Мисрда ўтказилган матбуот анжуманида гапирган.
«Мен Миср чегараси – Рафаҳда гуманитар кўмак ортилган юк машиналари кераксиз матоҳдек тизилиб турганига гувоҳ бўлдим. Кўмак юклари ҳаялламай Ғазодаги тинч аҳолига етиб бориши шарт», – деган Карим Хон.
Прокурор Исроил халқаро гуманитар ҳуқуқ талабига кўра Ғазодаги тинч аҳоли вакилларини озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлашга ғов бўлмаслиги кераклигини уқтирган.
«ҲАМАС билан уруш олиб бораётган Исроилнинг аниқ мажбуриятлари бор, улар шунчаки ахлоқий эмас, балки ҳуқуқий мажбуриятлардир (уруш вақти риоя қилиш лозим бўлган конвенциялар, қонунлар). Айни чоқда, бу тамойиллар Исроил томон сараловсиз ўқ ва ракета отаётган ҲАМАСга ҳам дахлдор», – деган халқаро маҳкама прокурори.
Исроил ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужумига жавобан Ғазода ҳарбий амалиёт бошлаган ва минтақадаги 2,3 миллион аҳолини озиқ-овқат, сув, дори-дармон, электр энергия ва ёнилғидан маҳрум қилган.
БМТ етакчилигидаги халқаро ташкилотлар Ғазо гуманитар инқирозга юз тутгани, вазият ўта хатарли экани ҳақида бонг урмоқда.
Ҳозирга қадар Мисрнинг Рафаҳ чегара пости орқали Ғазога бир неча ўн машинада гуманитар кўмак киритилган. Аммо бу қамалдаги аҳоли эҳтиёжлари учун «денгиздан бир томчи» деб баҳоланган.
Қоҳира Исроил гуманитар кўмак машиналарини тўлиқ ўтказишга рухсат бермаётганини маълум қилган.
Маълумот ўрнида, Рим статути асосида ташкил этилган Халқаро жиноий суд 2021 йилдан буён Фаластиннинг ишғол остидаги ҳудудларида сўнгги 10 йил давомида содир этилган эҳтимолий ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши ҳуқуқбузарликларни тафтиш этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter