Усмонийлар тожидаги гавҳар. ЮНЕСКО тан олган қадимий шаҳарга фотосаёҳат
Туркиянинг Қора денгиз минтақасида жойлашган қадимий Мудурну шаҳри бир неча минг йиллик тарихи мобайнида турфа ҳодисаларга шоҳид бўлган. Антик давр муаррихи Страбон мазкур шаҳар ғоят қулай ҳудудда – Онадўли савдо йўлида жойлашгани ҳақида ёзган. Туркия маданият ва туризм вазирлиги журналистлар учун ташкил этган пресс-турда «Xabar.uz» мухбири ҳам қатнашиб, кўҳна шаҳарга сафар қилди ва фоторепортаж тайёрлади.
Буюк ипак йўли ўз даврида Истанбулга Мудурну орқали ўтган. Шаҳар, айниқса, Усмонийлар давлатининг илк тетапоя даврида муҳим аҳамият касб этган. Тоғлар бағрида, дарё бўйида, йирик савдо йўлида қад ростлаган шаҳар 1307 йилдаёқ туркий cулола назоратига ўтган. Илк даврларда валиаҳд шаҳзодалар айнан Мудурнуда тарбияланган. Усмонийларнинг атоқли ҳукмдорларидан Боязид Йилдирим (1389–1402) шаҳарда жомеъ масжид ҳамда ҳаммом қурдирган. Эътиборга молик жиҳати, салкам 640 йиллик тарихга эга ушбу икки иншоот бизнинг давримизга қадар етиб келган.
Тарих чархпалаги мудом ҳаракатда. Бир замонлар ҳаёт қайнаган шаҳар бугунга келиб хийла сокин тортган. Аммо Мудурнудаги мозий нафаси келиб турган кўчалар, фотиҳу жаҳонгирларни саждага бош қўйдирган масжидлар, қадимий карвонсаройлар, қоялар бағрида қурилган муҳташам уйларни кўриб, ўтмишдаги шон-шавкат яна қайтишига ишонгингиз келади. Машҳур сайёҳ Ибн Баттута шаҳарни бекорга оғзидан бол томиб мақтамаган экан деган хулосага келасиз.
Мудурнуда Усмонийларнинг сўнгги даврига оид меъморий обидалар, жумладан, 1890-91 йилларда қурилган соат минораси ҳам сақланиб қолган. Шаҳарнинг тарихий қисми, жумладан, бир неча масжид, ҳаммом, қўноқхона ва қадимий уйлар – жами 180 га яқин обида 2015 йилда ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон маданий мерос рўйхатига киритилган. Янги бинолар ҳам ҳудуд тарихий қиёфасига зарар етказмаган ҳолда барпо қилиниши лозим.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter