Украина Индонезиянинг тинчлик таклифига муносабат билдирди
Украина ташқи ишлар вазирлиги вакили Олег Николенко Россия билан урушни тўхтатиш ва тинчлик ўрнатиш юзасидан Индонезия томонидан илгари сурилган ташуббусга муносабат билдирди.
«Россия Украина ҳудудидан даф бўлиши керак. Украина халқаро миқёсда тан олинган чегараларда ўз ҳудудий яхлитлигини тикламоғи лозим. Бунга муқобил сценарийлар бўлиши мумкин эмас», ؘ– дейди Киев вакили.
2 июнь куни Индонезия мудофаа вазири Прабово Субианто урушни тўхтатиш бўйича таклиф илгари сурган эди. Унга кўра, икки томон ўқ отишни тўхтатади, қўшинлар 15 км масофага ортга силжиб, ҳарбий ҳаракатлардан холи ҳудуд ҳосил қилинади ҳамда ушбу ҳудудга халқаро тинчликпарвар кучлар киритилади. Индонезия вазири низоли ҳудудларда кўпчилик аҳоли хоҳиш-иродасини билиш учун БМТ шафелигида референдум ўтказишни ҳам тавсия этган.
Украина ТИВ вакили О.Николенкога кўра, Россия армияси Украина ҳудудидан чиқмай туриб ўт очишни тўхтатиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Ҳозирги шароитда оташкесим битими фақат Россия фойдасига ишлайди: Москва ҳолдан тойган қўшинга бир муддат тин бериб, яна қайта босқинни кучайтиради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter