Твиттердаги сурат сабаб Хитой ва Австралия ўртасидан оламушук ўтди
Хитой ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Чжао Лицзянь томонидан Твиттер тармоғида жойланган сурат Австралия ҳукуматининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Компьютер дастурида «таҳрир» қилинган суратда австралиялик аскарнинг афғонистонлик бола бўғзига пичоқ қадаб турганини кўриш мумкин. Жанжалли фотосуратга «Қўрманглар! Биз сизларга тинчлик олиб келмоқдамиз!» деган киноявий изоҳ ҳам илова қилинган.
Австралия бош вазири Скотт Моррисон махсус матбуот анжумани ўтказиб, Твиттер маъмуриятидан ушбу суратни ўчиришни, Хитой ҳукуматидан эса узр сўрашни талаб қилди.
«Бу ҳолатни мутлақо оқлаб бўлмайди. Хитой ҳукумати бундай хатти-ҳаракат учун уялиши керак», – дея кескин баёнот берди Австралия ҳукумати раҳбари.
Жорий йил ноябрь ойида Австралиянинг SAS махсус бўлинмаси ҳарбийлари Афғонистондаги уруш даврида, 2009-2013 йилларда 39 кишини қатл этгани ҳақида маълум бўлган эди. Австралия ҳукумати ушбу ҳолат юзасидан Афғонистондан кечирим сўради.
Хитой ТИВ вакили фотоколлаж орқали Афғонистондаги қотилликларга ишора қилган.
Австралия бош вазирининг талабига жавобан Хитой ташқи ишла вазирлиги узр сўрамаслигини маълум қилди. Расмий Пекинга кўра, бу ўринда Австралия раҳбариятининг ўзи ҳарбийлари содир этган жиноят учун уялиши керак.
Сўнгги ойларда расмий Пекин ҳамда Канберра ўртасидаги муносабатлар кескин совуқлашди. Икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий зиддиятларга COVID-19 омили ҳам қўшилди. Гап шундаки, Австралия ҳам коронавируснинг келиб чиқиши борасида Хитой расмийлари билдирган фикрни шубҳа остига олиб, бу борада халқаро текширув ўтказиш лозимлигини талаб қилмоқда.
Австралия раҳбарияти Хитойнинг Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида яшовчи уйғур ҳамда бошқа миллатларга мансуб мусулмонларга нисбатан сиёсатини ҳам танқид қилиб келади. Австралия стратегик сиёсат институти (The Australian Strategic Policy Institute, ASPI) эълон қилган сўнгги тадқиқотга кўра, Хитой маъмурияти Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида уйғур ҳамда бошқа миллатларга мансуб мусулмонларни тутқунликда сақлаш учун махфий лагерларни кўпайтирмоқда. Қайд этилишича, мусулмонларни «қайта тарбиялаш лагерлари» тармоғи жаҳон ҳамжамияти тасаввур қилганидан ҳам каттароқдир.
Аввалроқ Австралия стратегик сиёсат институти Хитой ҳукуматининг босими остида ўн минглаб уйғур ҳамда бошқа элатларга мансуб мусулмонлар қуллик шароитида меҳнат қилаётгани, мусулмонлар мажбуран ишлатилаётган корхоналар орасида BMW, Samsung, Apple, Lenovo, LG, Dell, Nike, Zara, Adidas, H&M каби дунёга машҳур савдо брендлари ҳам борлиги ҳақида тақдиқот эълон қилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter