Туркияда мамлакат тарихини ўзгартирган муҳим сана байрам қилинмоқда
Туркияда муҳим тарихий ҳодиса – Малазгирт ғалабасининг 951 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Тарихий жанг рўй берган ҳудуд – Туркиянинг Битлис вилоятидаги Аҳлат миллий боғида ўнлаб улкан чодирлар тикилган. Бу ерда ташкил этилган анжуманда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам иштирок этди. Туркия раҳбари Малазгирт зафари турклар тақдирини буткул ўзгартирганини қайд этар экан, қаҳрамонларни ҳурмат билан ёдга олди. Эрдўғон Туркия бугун ҳам омонсиз жанг муҳитида яшаб келаётганини таъкидлади.
Туркия раҳбари анъанага кўра Битлисдаги салжуқийлар даврига оид қадимий қабристонни ҳам зиёрат қилди. Мазкур қабристон ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон маданий мерос рўйхатига киритилган.
Малазгирт ғалабаси ислом ва туркийлар тарихи солномасидаги муҳим воқеалар сирасига киради. 1071 йилнинг 26 августида Салжуқийлар давлати султони Алп Арслон Малазгиртда Византия императори Роман IV Диогеннинг бир неча баравар кўп сонли қўшини устидан зафар қозонган. Мазкур ғалаба туркларга Онадўли дарвозаларини очиб берди. Кейинчалик олти аср давомида ҳукм сурган Усмонли салтанати ҳамда замонавий Туркия давлати шаклланишига ҳам ушбу тарихий ҳодиса пойдевор бўлган дейиш мумкин.
Тарих китобларида «Буюк салжуқийлар давлати» деб аталган туркий салтанат (1038–1308) Яқин ва Ўрта Шарқ, қисман Мовароуннаҳрни бирлаштирган. Ўз даврида Термиз, Бухоро, Самарқанд шаҳарлари ҳамда Фарғона водийси салжуқийлар байроғи остида бўлган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter