Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркия расмийси Исроил жосусларига қарши амалиётга муносабат билдирди

Туркия расмийси Исроил жосусларига қарши амалиётга муносабат билдирди

Туркия президенти девони Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун мамлакатда Исроил разведкасига хизмат қилаётган жосусларни қўлга олиш бўйича ўтказилган амалиётга муносабат билдирди.

Ф.Алтун ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Туркия ОАВнинг жосусларга қарши амалиёт ҳақидаги хабарини илова қилар экан, президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Исроил расмийларига йўллаган огоҳлантиришидан иқтибос келтирган.

Маълумот ўрнида, 2023 йил декабрь ойида Исроил разведкаси ҲАМАСнинг хориж, жумладан, Туркиядаги етакчиларини ўлдирмоқчи экани ҳақида хабар тарқалган эди. Ўшанда президент Эрдўғон Исроилни қалтис ҳаракатларнинг аянчли оқибатларидан огоҳлантирганди.

«Бу ишни кўзлаганлар Туркия ва туркларни яхши билмайди шекилли. Агар улар хато ишга қўл урса (ҲАМАСнинг Туркияда яшаётган етакчиларига суиқасд назарда тутилмоқда – таҳр.), бунинг учун катта товон тўлашларини билишлари керак... Қолаверса, биз кеча пайдо бўлган давлат эмасмиз. Буни ҳеч ким унутмаслиги лозим», – дея Тель-Авив расмийларига журналистлар воситасида мурожаат қилган Эрдўғон.

Туркиянинг юқори мартабали мулозими Ф.Алтун Эрдўғоннинг ушбу фикрини келтирар экан, 2 январь кунги операция орқали огоҳлантиришдан амалий ишга ўтилганига ишора қилган.  

Туркия матбуоти хабарига кўра, 2024 йилнинг иккинчи кунида Туркия махсус хизмати (MIT) бошқа ҳуқуқ идоралари билан ҳамкорликда Исроил фойдасига хизмат қилган жосусларни қўлга олиш операциясини ўтказди. Истанбулнинг 8 та ноҳиясида 34 нафар фуқаро, асосан, хорижликлар қўлга олинди. Истанбул бош прокуратураси олиб бораётган тергов доирасида Исроил разведкасига алоқадор 46 нафар шахс аниқланган. Амалиёт давом эттирилиши хабар қилинган. Бу сўнгги уч йил ичида Туркия ҳуқуқ идоралари Исроил жосусларини аниқлаш бўйича ўтказган тўртинчи амалиёт саналади.

Аввалроқ Туркия миллий разведка идораси Исроилнинг «Темир гумбаз» деб номланган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини бузишга муваффақ бўлган фаластинлик муҳандисни «Моссад» қўлидан қутқариб қолган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг