Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркия расмий вакили Истанбулдаги теракт сабабига ишора қилди

Туркия расмий вакили Истанбулдаги теракт сабабига ишора қилди

Халқаро ҳамжамият Туркиянинг тинч аҳолисига қарши амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракати айрим давлатлар томонидан жиноий гуруҳлар дастакланаётгани оқибати эканини англаши керак. Бу ҳақда Туркия президенти девонининг Ахборот-коммуникация бошқармаси раҳбари, профессор Фахриддин Алтун Истанбулда рўй берган сўнгги теракт муносабати билан берган баёнотида гапирди.

Мулозим Туркия билан дўстона муносабатларга ҳаракат қилаётган барча давлатларни террорчилар билан ҳар қандай шаклда алоқа қилишни тўхтатишга чақирган. У хунрезликка алоқадор барча шахслар фош этилиши ва жазоланишига ишонч билдирар экан, тинч аҳолига қаратилган зўравонликларни кескин қоралаган.

Ф.Алтунга кўра, террорчилар хунрезликлар орқали расмий Анқарани қўрқита олмайди. Зеро, мамлакат бундан-да кучли фожиаларни кўрган ва синовлардан янада кучли бўлиб чиққан. Таъкидланишича, Туркия террорга қарши аёвсиз курашни давом эттиради.

Эслатиб ўтамиз, 13 ноябрь куни Истанбулнинг гавжум ҳудудларидан бири – Истиқлол кўчасида бомба портлатилган. Теракт оқибатида 6 киши вафот этган, 81 киши жароҳатланган.

Бугун, 14 ноябрь куни Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу бомбани қолдириб кетган шахс полиция томонидан қўлга олинганини маълум қилди.

ИИВга кўра, терговда ҳужум излари Сурияга олиб боришини кўрсатувчи далиллар мавжуд. Буйруқ Кобанидан (Сурия шимолидаги шаҳар), ҳужумни уюштирган шахс эса Африндан (Сурия шимоли-ғарбидаги шаҳар) келган бўлиши мумкин.

Тергов идораси портлаш PYD – Демократик иттифоқ партияси (Курдистон ишчи партияси террор ташкилотининг Суриядаги шўъбаси) томонидан уюштирилганини айтмоқда.

Туркия раҳбарияти кўпдан буён PKK, PYD ва YPG гуруҳлари мамлакат ва минтақа тинчлигига таҳдид солаётганини айтиб келади.

Ашаддий террор гуруҳи саналган PKK (Курдистон ишчи партияси) мамлакатда ва хорижда юзлаб бегуноҳ инсон ҳаётига зомин бўлган.

Бошбошдоқлик ҳукм сураётган Суриянинг Туркия билан чегарадош каттагина ҳудудини PYD (Демократик иттифоқ партияси), YPG (Халқ мудофааси отрядлари) эгаллаган. Расмий Анқара PKK ташкилотининг қўш қаноти саналган мазкур икки гуруҳни хавфсизликка жиддий таҳдид деб билади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг