Туркия ўзбекистонлик ёшларга таълим гранти тақдим этмоқда. Шартлар қандай, муддат-чи?
Туркия ҳукумати дастури (Türkiye Bursları) бўйича дунё бўйлаб иқтидорли ёшларга таълим гранти ажратилмоқда. Мазкур дастур доирасида ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар ҳам нуфузли университетларнинг бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичида тўлиқ бепул таҳсил олиш имконига эга бўлади.
Грант ғолиблари, шунингдек, тураржой, ойлик стипендия, тиббий суғурта, бир марталик авиачипта билан таъминланади. Турк тилини ўрганиш истагида бўлган номзодлар эса бир йиллик курсда ўқиши мумкин.
Ташкилотчиларга кўра, аризалар фақат Туркия ҳукумати грантлари расмий сайти орқали қабул қилинади.
Туркия элчихонасининг таълим бўйича маслаҳатчиси Али Айюбхўжа «Xabar.uz»га дастурнинг асосий шартлари хусусида сўзлаб берди.
«Дастур бўйича аризаларни қабул қилиш жорий йил 10 январдан бошланган бўлиб, бу жараён 20 февралгача давом этади. Ҳар бир йўналиш бўйича талабгорнинг илмий натижалари ва академия салоҳияти кўриб чиқилади ҳамда муносиб номзодлар суҳбатга таклиф этилади. Ўзбекистонлик ёшларга эслатиб ўтмоқчи эдим, «Türkiye Bursları» сайти орқали ариза тўлдириш учун фирмаларга мурожаат қилишнинг ҳожати йўқ. Аризани онлайн тарзда содда ва осон усулда тўлдириш мумкин», – дейди дипломат.
2021 йили 1000 га яқин ўзбекистонлик номзод грант учун ариза топширган ва саралаш якунида 130 дан зиёд юртдошимиз бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичида таҳсил олиш имконини қўлга киритган.
«Қўшни мамлакатлар билан солиштирганда, Ўзбекистондан берилаётган аризалар сони камроқ. Туркия қардош Ўзбекистон учун кўпроқ грант тақдим этишни истайди. Дастур талабларига жавоб берадиган салоҳиятли ёшлар қанча кўп бўлса, грант миқдори ҳам шунча ошади. Айни пайтда Ўзбекистондаги мавжуд талаб ва эҳтиёжга кўра асосан тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, туризм, муҳандислик ва бошқа техника йўналишларга ўрин ажратилмоқда», – дейди таълим бўйича маслаҳатчи.
Ҳозирда Туркияда 3000 га яқин ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда. Улардан 400 га яқини давлат грантини олган.
«Грант дастури талабгорларига қўйиладиган шартлардан бири – Туркияда таҳсил олгач, албатта Ўзбекистонга қайтиши ва мамлакат равнақига ҳисса қўшиши лозим. Билимли мутахассислар икки давлат ўртасидаги қардошлик ва дўстлик муносабатларини янада чуқурлаштиришга ҳисса қўшиб, маънавий кўприк вазифасини бажариши тарафдоримиз», – дейди Али Айюбхўжа.
Туркия ҳукумати ўтган асрнинг 60-йилларида бошлаб икки томонлама битимларга кўра, муайян давлатлар талабаларига грантлар ажрата бошлаган. 1992 йилдан эса кенг миқёсда грантлар тақдим этилмоқда. Ҳукумат грантлар дастури 2012 йилдан буён «Türkiye Bursları» деб аталади. Хориждаги турклар ва қардош халқлар бошқармаси (YTB) мазкур стипендиялар дастурини мувофиқлаштириш билан шуғулланади.
Сўнгги ўн йилда Туркияда хорижлик талабалар сони 75 фоизга ўсиб, 200 минг нафарга етди. Уларнинг қарийб 20 минги ҳукумат стипендияси совриндори саналади. ЮНЕСКО Туркияни энг кўп хорижлик талаба таҳсил олаётган давлатлар сафига киритган.
Хориждаги турклар ва қардош халқлар бошқармаси (YTB) раҳбари Абдуллоҳ Эрен 2019 йили Тошкентда журналистлар билан учрашувда Туркия ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар учун таълим грантларини кўпайтириш истагида эканини маълум қилган эди.
Ўтган ҳафта Туркия олий таълим кенгаши раиси Эрол Ўзвар бошчилигидаги катта делегациянинг юртимизга ташрифи давомида ҳам олий таълим бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди, хусусан, Ўзбек–Турк университети очилиши маълум қилинди.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter