Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Трамп ва Байденнинг илк дебати қандай ўтди?

Трамп ва Байденнинг илк дебати қандай ўтди?

Фото: «Telegraf.com.ua»

Бугун тонг саҳарда (т.в.) АҚШ президентилигига номзодлар — Дональд Трамп ва Жо Байден илк теледебатни ўтказишди. Кливленд (Огайо штати)дан тўғридан-тўғри трансляцияни «CBS News» телеканали олиб борди.

Тортишувлар тиббиётни ислоҳ қилиш, коронавирус пандемияси, глобал иқлим исиши, Олий судга янги судьяни тайинлаш, ирқчилик каби масалалар атрофида кечди. 

Биз кутгандик, биз билгандик... Ҳа, худди шундай, ҳаммаси кутилганидек бошланди, давом этди ва тугади. Номзодлар ҳатто дебат аввалида қўл бериб сўрашишни ҳам ўзларига раво кўришмади. Бошловчи Крис Уоллес вазиятни юмшатмоқчи бўлдими ёки аслида шундайми, Трамп ва Байден коронавирус пандемияси сабабли кўришмасликка келишиб олишганини (уларнинг бирон масалада келишишларига ишониш қийин бўлсада) айтди...

Дебат давомида Дональд Трамп ва Жо Байден тинмай бир-бирларининг гапини бўлиб, ёлғончиликда айблашди. Ҳатто қизишиб кетган Байден бир жойда Трампни «бир дақиқага ... туришга» чақирди.

Трамп солиқларни тўламагани ҳақидаги ОАВ хабарларини инкор қилди. Айтдики, охирги йилларда миллионлаб доллар тўлаган. «Бир йил $38 млн., бир йил $27 млн. тўладим»,— деди амалдаги президент. У солиқ декларацияси тайёр бўлиши билан эълон қилишини айтди. Эслатиб ўтамиз, «The New York Times» газетаси Дональд Трамп тадбиркорлик фаолиятидан кўрган зарарларни ҳисоблаб чиқиб, у сўнгги 15 йилнинг 10 йилида умуман солиқ тўламаганини ёзиб чиққанди.

Байден ҳам ўзини оқлашга уринди: айтишича, ўғли Хантер Байден чет элликлар, хусусан, Москва шаҳри собиқ мэри Юрий Лужковнинг беваси, Россиянинг энг бой аёли Елена Батуринадан миллионлар олгани ҳақидаги иддаолар ғирт туҳмат. Яна бир эслатма: республикачи-сенаторлар Хантер Байденнинг хорижликлар билан шубҳали битимлари ҳақида ҳисоботни эълон қилишганди.

Дебатнинг ёпилиши очилишига мос бўлди: жаноб Байден сўзининг охирида амалдаги президентни «Путиннинг кучукчаси» деб атади (нима деса кўниб кетавергани учун).

Навбатдаги дебатлар 15 октябрь куни Майами (Флорида штати) ва 22 октябрь куни Нэшвилл (Теннесси штати)да ўтказилиши режалаштирилган. 3 ноябрь эса АҚШ президентлиги учун сайловлар куни — республикачилар (Дональд Трамп) демократлар (Жо Байден)га қарши.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг