Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Толибон»дан Покистонга қочган афғонистонликлар мамлакатдан оммавий депортация қилинмоқда

«Толибон»дан Покистонга қочган афғонистонликлар мамлакатдан оммавий депортация қилинмоқда

Покистон ҳукумати мамлакатда ноқонуний яшаётган хорижликларни депортация қилишни бошлади. Маълум бўлишича, республикадан чиқариб юборилаётганларнинг аксарияти Афғонистондан.

The Guardian бир ой олдин Исломобод барча ноқонуний муҳожирларга Покистонни ихтиёрий равишда тарк этишни буюргани, топшириқни бажариш муддати 1 ноябрга ўтар кечаси тугагани ҳақида ёзган. Шундан сўнг ҳукумат мамлакат ҳудудида ноқонуний яшаб келаётган афғон қочқинларини ҳибсга олиш ва Афғонистонга депортация қилиш кампаниясини бошлаган.

«Қўлимизда Покистонда ноқонуний яшаётганлар ҳақида маълумотлар бор. Биз эшикма-эшик юриб, муҳожирларни текширувдан ўтказдик. Уларни ушлаб, депортация қиламиз. Айни пайтда бутун мамлакат бўйлаб, жумладан, пойтахтда ҳам ўнлаб ноқонуний муҳожирлар ҳибсга олинган», — деб айтган Покистон ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сарфраз Бугти.

Вазирга кўра, Покистоннинг иммиграция сиёсатини қатъийлаштиргани сабабли камида 200 минг киши аллақачон Афғонистонга қайтган.

BBC афғонларга кўра, полиция махсус иммиграцияси визасига эга ва Покистонда қонуний қочқин ҳисобланганларни ҳам ҳибсга олаётганини ҳақида хабар берган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан Amnesty International Покистоннинг «ноқонуний» хорижий фуқароларни депортация қилиш режасини танқид қилди. БМТ ҳам мамлакат ҳукуматини «инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳалокат»нинг олдини олиш учун афғонларни депортация қилишни тўхтатишга чақирди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бошқармаси спикери Равина Шамдасани депортацияга учраганларнинг кўпчилиги Афғонистонга қайтарилса, инсон ҳуқуқлари бузилиши, жумладан, ўзбошимчалик билан қўлга олиш ва қамаш, қийноқлар, шафқатсиз ва ғайриинсоний муносабатга дучор бўлиши мумкинлигидан хавотирда эканини билдирган.

«Афғонистон билан қўшни мамлакатларнинг ҳукуматларига давлат сифатида ўз зиммасига олган инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятлари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, илгари суриш ва бажариш бўйича мажбуриятларини эслатамиз. Жумладан, Покистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари фалокатига йўл қўймаслик учун кеч бўлмасдан туриб, афғон фуқароларини мажбурий депортация қилишни тўхтатишга чақирамиз», деган Шамдасани.

Унинг таъкидлашича, қиш яқинлашар экан, ҳар қандай оммавий депортациялар шу ой Ҳирот вилоятида содир бўлган бир қатор вайронкор зилзилалардан сўнг давом этаётган Афғонистондаги даҳшатли гуманитар инқирозни муқаррар равишда ёмонлаштиради. БМТ вакили келтирган расмий маълумотларга кўра, айни пайтда Афғонистонда яшаётган 43 миллион аҳолининг аксарияти, яъни 30 миллионга яқини инсонпарварлик ёрдамига муҳтож.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда Покистонда икки миллиондан ортиқ ҳужжатсиз афғон истиқомат қилади, улардан камида 600 минг нафари «Толибон» 2021 йил августида ҳокимиятга қайтганидан кейин келган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг