Совуқ уруш қайта бошланяпти — АҚШ яна бир келишувдан чиқиб кетмоқчи
АҚШ стратегик ҳужум қуролларини чеклаш бўйича Россия билан амалда бўлган келишув муддатини узайтирмоқчи эмас. Бу ҳақда миллий хавфсизлик бўйича АҚШ президенти ёрдамчиси Жон Болтон хабар бериб ўтди.
Унинг айтишича, айни вақтда амалда бўлган учинчи таҳрирдаги келишувда бир қатор камчиликлар бор. Масалан, келишув яқин масофага учадиган ядро қуроллари ва Россиянинг янги таъминот тизимини қамраб олмайди. «Ҳозирча ҳеч нарса аниқ эмас, аммо келишув муддати узайтирилмаслиги деярли аниқ», — дейди Болтон.
Стратегик ҳужум қуролларини чеклаш бўйича учинчи таҳрирдаги келишув муддати 2021 йилнинг февралида якунига етади. Бу борада дастлабки келишув 1991 йилда собиқ иттифоқ ва АҚШ ўртасида имзоланган эди. Унинг муддати 2009 йилнинг 5 декабрида якунига етган.
Шундан сўнг 2010 йилда ўша вақтдаги президентлар Дмитрий Медведев ва Барак Обама ўртасида янги келишув имзоланган эди. 2011 йилда кучга кирган шартномага кўра АҚШ ва Россия келгуси 7 йил давомида қитъалараро баллистик ракеталар, сувости кемаларининг баллистик ракеталари ва оғир стратегик бомбардимончи самолётлар сонини 700 тага қадар қисқартириши лозим эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter