Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жин кўзадан чиқди! Аммо ҳозирча уни банди этиш имкони бор…

Жин кўзадан чиқди! Аммо ҳозирча уни банди этиш имкони бор…

Жорий йил 2 август куни АҚШ ҳамда Россия Ўрта ва яқин масофага учувчи ракеталар ҳақидаги шартномадан чиққанини эълон қилди. Собиқ СССР раҳбари, мазкур битим ташаббускорларидан бири Михаил Горбачёв томонларнинг ушбу қарорини «қалтис хато» деб атади. 30 йилдан буён амалда бўлган шартноманинг бекор бўлиши қуролланиш пойгаси яна авж олиши ҳақидаги хавотирларни кучайтириб юборди.

Ўрта ва яқин масофага учувчи ракеталар ҳақидаги шартнома 1987 йилда АҚШ президенти Рональд Рейган ҳамда СССР раҳбари Михаил Горбачёв томонидан имзоланган. 1988 йил 1 июндан кучга кирган ҳужжатга кўра, ядро қуролига эга икки йирик давлат ўрта (1 минг километрдан 5,5 минг километргача) ҳамда яқин (500 километрдан 1000 километргача) масофада учувчи баллистик ва қанотли ракеталар, шунингдек, уларга оид қурилмаларни йўқ қилиши кўзда тутилган эди. Ушбу таснифга кирувчи ракеталарни ишлаб чиқариш ва синовдан ўтказиш ҳам тақиқланганди.

Ҳар икки томон бир неча йил ичида битим шартларини бажарди. Маълумотларга кўра, ўша кезлар СССР 1846 дона, АҚШ 846 дона ракетани йўқ қилган. Таҳлилчилар ушбу шартномани тарихий аҳамиятга молик ҳужжат деб аташи бежиз эмас. Дарҳақиқат, «совуқ уруш» даврида юрак ҳовучлаб яшаган инсоният ушбу шартнома кучга киргач, бироз енгил нафас олгандек бўлди.

Ўтган чорак асрда дунё сиёсий харитаси янгиланди. СССР деб аталган мамлакат парчаланиб кетди. Шўро давлати вориси саналган Россия, гарчи иқтисодий муаммолар домида қолган бўлса-да, АҚШ билан ҳарбий жабҳадаги пойгани зўр бериб давом эттирди. Сўнгги 10 йилда жаҳон геосиёсий иқлими ҳам ўзгарди. Сайёрамизнинг икки қутбини эгаллаган мамлакатлар ўртасидаги рақобат ошкора тус олди.

Ўрта ва яқин масофага учувчи ракеталар ҳақида шартноманинг йўққа чиқишида АҚШ ва Россия бир-бирини айбламоқда. Аслида, даҳанаки тортишув ва бир-бирини қоралаш сиёсати кўпдан буён кузатилаётган эди. Вашингтон ўзаро битим шартларига зид эканини таъкидлаб, Россиядан 9М729 ҳамда РС-26 «Рубеж» ракеталарини йўқ қилишни талаб қилиб келаётганди. Ўз навбатида, Россия АҚШ томонидан 2016 йили Руминияда Aegis Ashore ракетага қарши мудофаа тизими ўрнатилишини шартноманинг бузилиши деб ҳисоблаётган эди.

Айни пайтда ядро қуролини назорат қилишга доир Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш ҳақида шартнома амал қилмоқда. Аммо АҚШ ва Россия томонидан 2010 йилда имзоланган ушбу шартноманинг амал қилиш муддати 2021 йилда тугайди. АҚШ президентининг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон Вашингтон шартномани узайтириш ниятида эмаслигини очиқ айтди. Ўз навбатида, Россия етакчиси Владимир Путин Оқ уй рўйхушлик бермас экан, Кремль ҳам битим муддатини узайтиришга уринмаслигини билдирди. БМТ Бош котиби Антониу Гуттериш эса  ҳар икки томонни ядро қуролланиши олдини олиши мумкин бўлган ушбу битимни сақлаб қолишга ундамоқда.

Ўрта ва яқин масофага учувчи ракеталар ҳақида шартномани-ку сақлаб қолиш имкони бўлмади. Аммо стратегик ҳужум қуролларини қисқартиришга доир ҳужжатнинг бекор бўлишига йўл қўймаслик лозим. Негаки, бу инсоният учун ҳаёт-мамот масаласидир. Тўғри, ядро қуролига эга давлатлар рўйхатида АҚШ ва Россиядан ташқари  Хитой, Шимолий Корея, Ҳиндистон, Покистон, Исроил, Буюк Британия, Франция каби мамлакатлар ҳам бор. Аммо ядро қуролининг асосий захираси икки рақобатчи давлат ихтиёрида. Sipri тинчлик муаммолари институтига кўра, дунёда 14 мингга яқин ядро каллаклари бўлиб, уларнинг 90 фоизи АҚШ ва Россияга тегишлидир. Шу боис Оқ уй ва Кремлнинг тил топишиши барча учун муҳим аҳамият касб этади.

Дунё аҳли 1945 йил августда ядро қуролининг даҳшатига гувоҳ бўлди. АҚШ томонидан Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига ташланган бомбалар 450 минг кишининг ёстиғини қуритди, юз минглаб одамни майиб-мажруҳга айлантирди. 1962 йил октябрда рўй берган «Кариб инқирози» ҳам қуролланиш пойгаси бутун инсоният ҳаётига мислсиз таҳдид эканини яна бир карра тасдиқлади.

1987 йилда Ўрта ва яқин масофага учувчи ракеталар ҳақида шартнома имзолангач, «совуқ уруш» поёнига етган эди. Орадан 30 йил ўтиб, тарихий битим бекор қилиниши билан эса неча замондан бери кўзада биқиниб ётган жин озодликка чиқди! Ҳозирча уни яна банди этиш имкони бор. Бунинг учун АҚШ ҳамда Россия, қолаверса, «ядро клуби»нинг қолган аъзолари сиёсий амбицияларни бир четга қўйиб, музокаралар столига ўтириши лозим.

Собир Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг