Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунё қўрқув исканжасида. «Совуқ уруш» янги шаклда қайтмоқда (2-қисм)

Дунё қўрқув исканжасида. «Совуқ уруш» янги шаклда қайтмоқда (2-қисм)

Фото: «rusvesna.su»

АҚШ ва Россия жорий йилнинг февраль ойи бошида «Ўрта ва яқин узоқликдаги ракеталарни йўқ қилиш ҳақидаги битим»дан чиқишга қарор қилгани, ушбу тарихий битим ва ундан воз кечилишининг инсоният тақдирига туғдирадиган хавфи ҳақидаги мақоланинг дастлабки қисмини эълон қилгандик.


Дунё қўрқув исканжасида. «Совуқ уруш» янги шаклда қайтмоқда (1-қисм)


Қуйида таҳлилнинг иккинчи қисми билан танишасиз.

Ҳар бошда ҳар турли фикр...

Европа хавфсизлик тизимининг мустаҳкам таянчларидан бири бўлган шартномадан чиқиш бўйича интилишини турли арбоблар турлича баҳоламоқда.

9М729 қанотли ракетаcи. Фото: «BBC»

Масалан, Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас АҚШни қўллаб-қувватлади. Германия бундестаги депутатлари Родерих Кизеветтер ва Рольф Мютцених жаноблари 9М729 қанотли ракеталари немисларгача етиб бормаслиги учун Россияни қуролни Европадан анча узоқда, Урал тоғлари ортига сақлашга чақирди.  

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жереми Хант эса шартнома ижросини тўхтатиш бўйича АҚШнинг позициясига тўлиқ хайрихоҳлигини изҳор қилди.

Польша ташқи ишлар вазири Яцек Чапутович шартнома билан боғлиқ ҳозирги ҳолатда Европа учун энг тўғри қарор – ядро каллакларига эга бўлган Америка ракеталарини қитъада жойлаштиришдир, деб изоҳ берди.

Ядро каллакларига эга бўлган Америка ракеталари. Фото: «Корреспондент.net»

Чехия бош вазири Андрей Бабиш Россия ва АҚШ ўртасида мажбуриятлардан соқитлик муҳити пайдо бўлишини афсус билан қарши олди ва амалдаги келишувни сақлаб қолиш жуда зарурдир, деди.  

Австрия ташқи ишлар вазири Карин Кнайсл эса АҚШнинг қарори афсус уйғотишини ва жиддий хавотирга асос яратишини таъкидлади.

Швеция ташқи ишлар вазири Маргот Валльстрём ядро қуроллари устидан назоратнинг ҳозирги ҳолатидан ҳаловатини йўқотганини яширмади.

Швейцария яқин олти ой ичида АҚШ ва Россия каби давлатлар шартномани сақлаб қолиш йўлини топишига умид қилди.

Испания ташқи ишлар вазири Жозеп Боррель шартноманинг тўхтатилишини жуда ёмон янгилик ва дунёдаги беқарорликни янада кучайтиради, деб ҳисоблайди.

Хитой томонига АҚШнинг бу ҳаракатлари сира маъқул келмаган ва қарама-қаршилик бўйича томонларни мулоқотга чақирмоқда.

Эрон АҚШнинг ушбу ниятини глобал зиддиятни таранглаштириш ва жаҳонда яккаҳокимликка интилиш сифатида қоралади.

НАТО ва Япония эса ҳар қандай шароитда ҳам АҚШнинг қарорини қўллаб-қувватлайди. Осиё-тинч океани минтақасида Япония нафақат АҚШ-Россия муносабатларининг, балки АҚШ-Хитой манфаатлари тўқнашувининг янги майдончасига айланиб қолишдан ҳадикда.

Қуролланишнинг янги пойгасими?

Бу билан ядро қуроли уруши хавфи ортади. Европани қўрқув исканжасида ушлаган «совуқ уруш» даври янги шаклда қайтмоқда. Бу орқали сўнгги пайтларда ўз армиясига эга бўлиш ҳақида баралла сўз юритаётган европалик арбобларга расмий Вашингтон аслида НАТОнинг эгаси кимлигини, бутун Европа учун ҳарбий масъулият кимнинг зиммасида эканлигини кўрсатиб қўймоқда.

НАТО қароргоҳи. Фото: «Укринформ»

Бу орқали АҚШ ўзининг 750 миллиард долларга кўтарилаётган мудофаа харажатларининг бир қисмини Европадаги иттифоқчилари зиммасига юклайди. НАТОга аъзомисиз, хавф-хатар ўсмоқда, кечирасиз, ўз хавфсизлигингиз харажатини қоплаб қўйинг...

Қурол-аслаҳа сотиш бўйича ҳам яхшигина буюртмаларга эга бўлади ва америка компанияларининг бозори учади. Трамп учун бу яқинлашиб келаётган навбатдаги президентлик сайловлар олдидан яхшигина сиёсий дивиденд келтириши мумкин.

Айрим халқаро экспертлар энди бу ракеталар фақатгина Россияга қаратилмаган, дейишмоқда. У Хитойни ва Шимолий Кореянинг ядро қуролини ишлатишдан тийишни ҳам кўзламоқда. Масалан, Хитойнинг 90 фоиз ядро салоҳияти айнан яқин ва ўрта масофадаги ракеталарда. У узоғи билан Гуамгача етиб боради.

АҚШ ҳам унинг атрофида ўзига хос ҳимоя қалқони ҳосил қилишни истамоқда. Шу маънода америкаликлар бу ракеталарни Осиёдаги Жанубий Корея, Япония ва Филиппинга келтириб ўрнатиши ва шартномага қўшилмаган Пекинга кучли прессинг қўллаши мумкин.

Хитой ракеталари. Фото: «News Front»

Шартномадан чиқиш оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик ва уни назорат қилиш бўйича мавжуд тартибларнинг издан чиқаради, ракета технологиялари соҳасида янги қуролланиш пойгасини бошлайди.

Хусусан, глобал хавфсизлик соҳасида катта аҳамиятга эга Стратегик ҳужум қуроллари бўйича шартнома муддати 2021 йилда тугайди. Шу чоққача у яна беш йилга узайтириладими-йўқми, очиқ қолаётган эди.

Ҳозир АҚШ Президенти Трамп ва унинг Миллий хавфсизлик бўйича янги маслаҳатчиси Жон Болтон жаноблари Америка учун ҳар қандай чеклов ва қурол-яроқ устидан назорат тизимларига қарши бўлишмоқда. Вазият таранглашса, томонлар мазкур муҳим ҳужжатдан ҳам чиқиб кетиши муқаррар.

Лазиз Ҳасан ўғли

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг