Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«ШҲТ минтақада рангли инқилобларга қарши туриши керак» – Си Цзиньпин

«ШҲТ минтақада рангли инқилобларга қарши туриши керак» – Си Цзиньпин

Хитой раҳбари Си Цзиньпин Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) давлатларини бир томонлама иқтисодий санкцияларга қарши туришга чақирди. Бу ҳақда у ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг онлайн йиғилишида айтиб ўтди.

«Хитой барча ҳамкорлари билан глобал ривожланиш ташаббусини амалга оширишга, иқтисодий глобаллашувнинг тўғри йўналишига амал қилишга, протекционизмга, бир томонлама санкцияларга, миллий хавфсизлик концепциясини халқаролаштиришга, шунингдек, сунъий тўсиқлар ўрнатишга, алоқа ва таъминотни бузишга уринишларга қарши туришга тайёр», – деган Хитой раҳбари.

Си Цзиньпиннинг сўзларига кўра, барча мамлакатлар халқлари тараққиётнинг улкан ютуқларидан тенг ҳуқуқли фойдаланишлари учун ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш зарур.

Шунингдек, у ШҲТ рангли инқилоблар ва ташқи кучларнинг минтақа мамлакатлари ишларига аралашувига қарши туриши кераклигини таъкидлаган.

«Биз минтақамизнинг умумий ва узоқ муддатли манфаатларига асосланган ташқи сиёсатни мустақил равишда ишлаб чиқишимиз керак. Биз ташқаридан янги совуқ урушни қўзғатиш ва минтақамизда блок қарама-қаршилигини қўзғатишга уринишларга қарши ҳушёр бўлишимиз, ташқаридан олиб борилаётган уринишларга қатъиян қарши туришимиз керак. Ҳар қандай баҳона билан рангли инқилобларга йўл қўймаслигимиз лозим», – деган Си Цзиньпин.

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг