Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Фаластин муаммоси ечимини айтди
Мустақил Фаластин давлатини ташкил қилмай, Фаластин–Исроил зиддиятини бартараф этиб бўлмайди, деб ҳисоблайди Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал ибн Фарҳан.
Нью-Йоркда ўтаётган БМТ Бош ассамблеяси мажлислари доирасида «Ал-Арабия» телеканалига интервью берган дипломат икки давлат тамойили кун тартибини қайтиши лозимлигини урғулаган.
«Фаластин муаммосини ҳал этиш икки давлат тамойили ҳамда халқаро ҳужжатларга мувофиқ Фаластин давлатини таъсис этишга асосланиши керак. Биз икки давлат ечимини асосий кун тартибига қайтаришга ҳаракат қилмоқдамиз», – деган Файсал ибн Фарҳан.
Вазир Исроил ишғоли остидаги ҳудудларда беқарорлик давом этаётганига ҳам эътибор қаратган.
18 сентябрь куни Нью-Йоркда Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири раислигида Яқин Шарқдаги тинчлик жараёнлари масаласида вазирлар учрашуви ташкил қилинган.
Араб тинчлик ташаббуси муҳокама қилинган машваратда 70 га яқин давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, жумладан, Араб давлатлари лигаси раиси, Иордания, Миср ва ЕИ бош дипломатлари қатнашган.
Саудия Арабистони Фаластин муаммосини адолатли ҳал этиш, хусусан, оккупацияга чек қўйиш лозимлигини таъкидлаб келади.
Жорий йил Рамазон ойида Исроил хавфсизлик кучлари Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириб, намоз ўқиётган фаластинликларга ҳужум қилгани кескин эътирозларга сабаб бўлган эди. Саудия ТИВ Ал-Ақсога ҳужумни муқаддасотларни ҳурмат қилишга доир халқаро ҳуқуқ меъёрларининг поймол этилиши деб атаган.
Февраль ойида Cаудия ҳукумати Исроил ҳамда Фаластин ўртасидаги тинчлик музокараларини қайта бошлаш лозимлигини таъкидлагани ҳолда, халқаро ҳамжамиятни Исроилнинг ҳужумларини тўхтатиш, оккупацияга барҳам бериш ва фаластинликларни ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатишга даъват қилган.
Подшоҳлик Исроил кучлари томонидан Женин шаҳрида уюштирилган рейдларни ҳам кескин қоралаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter