Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сардор Умурзоқов Туркманистон президентига Шавкат Мирзиёевнинг табригини етказди

Сардор Умурзоқов Туркманистон президентига Шавкат Мирзиёевнинг табригини етказди

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов қабулида бўлди.

Учрашувда Умурзоқов Туркманистон президентига Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди ҳамда Бердимуҳамедовни Халқаро бетарафлик куни билан табриклади.

Шунингдек, у икки қардош халқнинг тарихий, маданий ва маънавий муштараклигига асосланган яхши қўшничилик муносабатларини эътироф этган.

Туркманистон раҳбари ҳам табрик учун миннатдорлик билдириб, айни кунларда Туркманистоннинг БМТ Бош Ассамблеясининг тегишли резолюциялари билан икки марта тасдиқланган бетарафлик мақомининг 27 йиллиги нишонланаётганини таъкидлаган. Президент Сердар Бердимуҳамедов ҳам Ўзбекистон раҳбарига ўз тилакларини билдириб, мамлакат қардош Ўзбекистон билан анъанавий ва ишончга асосланган муносабатларга содиқлигини таъкидлади.

Суҳбат чоғида Туркманистон президенти ва Умурзоқов сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидладилар. Бу ўзаро тушуниш ва очиқлик асосида ўрнатилган давлатлараро муносабатларга хос тамойил бўлиб, бу барча соҳаларда дўстона ҳамкорликни ривожлантириш имконини бериши айтилди.

Шунингдек, келгусида ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳимлиги ҳам муҳокама қилинди. Мамлакатлар ўзаро савдо ва сармоя ҳажмини ошириш, саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун катта имкониятларга эга.

Учрашув якунида Сердар Бердимуҳамедов ва Умурзоқов дўстлик ва яхши қўшничилик анъаналари асосида мустаҳкамланган ҳукуматлараро ҳамкорлик бундан буён ҳам изчил ривожланиб боришига ишонч билдирдилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг