Россия Молдовада давлат тўнтариши қилмоқчи — Санду
Молдовада давлат тўнтариши қилиш мақсадида, Россия қўпорувчилик ҳаракатларига ҳозирлик кўряпти — Молдова президенти Майя Санду шундай баёнот берди.
Москва Молдовадаги ҳолатни издан чиқаришни режалаштиргани ҳақида яқинда Украина президенти Владимир Зеленский берган баёнот асосли эканини Молдова ахборот ва хавфсизлик хизмати тасдиқлади, деди Санду.
«Мамлакатимиз ҳудудида қўпорувчилик ҳаракатини уюштиришга уриниш — биз учун янгилик эмас», — таъкидлади Молдова президенти.
Бундай уринишлар олдин ҳам, ўтган йил кузида содир этилган. Бироқ тегишли органларнинг қатъиятли ҳаракатлари натижасида амалга ошмай қолган.
«Ўшанда асосий урғу энергетика инқирозини келтириб чиқариш орқали аҳолининг норозилигини қўзғаш ва исёнлардан фойдаланиб агрессив ҳаракатларни амалга оширишга қаратилганди», — деди Санду. У республика хавфсизлик органлари барча керакли чораларни кўраётгани ҳақида ахборот бериб, мамлакат фуқароларини хотиржамликка чорлади.
Эслатиб ўтамиз, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров «Россия 24» ва «РИА Новости»га берган интервюсида «Молдова» навбатдаги «Украина» бўлиши мумкинлигини айтиб ўтганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter