Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Рэпер Испания Қиролига қарши

Рэпер Испания Қиролига қарши

Испанияда 32 ёшли рэпер Пабло Аселнинг ҳибсга олиниши кучли норозилик намойишларига сабаб бўлмоқда ва сўз эркинлиги борасида жиддий баҳсларни келтириб чиқарди. Беш кундирки, ҳукуматга қарши аҳолининг асосан ёшлар қатлами радикал ҳаракатлари билан ажралиб турибди.

Мусиқачи ўз қўшиқлари матнларида коррупцияга ботган сиёсатчилар ва монархни кескин танқид қилиб келаётган эди. Қўшиқчи ўз ижодида ижтимоий тенгсизлик, адолатсизлик, капитализм ва АҚШнинг яккаҳокимлик сиёсатини доим кескин танқид қилиб келади. Қироллик оиласига бу ёқмаслиги тайин ва ижодкорни «халқнинг текинтомоқ душмани» деб атаган.

Танқид ва ҳақорат чегараси қаерда эканлигини англаши қийин бўлаётган ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари эса уни 16 февралда қамаб қўйиши аҳолини жўнбўшга келтирди.

Мадрид, Барселона, Гранада ҳамда бошқа шаҳарларда оммавий тартибсизликлар юзага келди. Қаҳрланган ёшлар кўчаларга олов қўймоқда, транспорт воситалари, дўконларни ёқмоқда, барикадалар қўйиб, полицияга ҳужум қилмоқда. Ҳозирга қадар юзлаб кишилар ярадор бўлди, ўнлаб фуқаро ҳибсга олинди.

Пабло Асел аслида 2018 йилда қирол Хуан Карлос Биринчини танқид қилгани учун қонунчиликда кўзда тутилган «терроризмни улуғлаш» айби билан икки йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Ўшанга қадар ҳам бир марта қамалиб, яна бир бор катта жарима тўлаб чиққан эди.

Жорий йил 12 февралда «одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилгани» ва «гувоҳга таҳдид қилганлик» айблари билан 9 ойга озодликдан маҳрум қилиниши бўйича суд қарори чиқарилди.

У суднинг бу ҳукмини бажаришдан бош тортди ва полиция чақириғига боришни истамади. Лейда университетида ўзининг 50 нафар тарафдорлари билан кириб олиб, у ерни ўз қўрғонига айлантирди, қуролли қаршилик кўрсатди. Ҳарбийлар уни куч воситасида қўлга олишга мажбур бўлишди.

Аммо кутилмаганда уни ҳимоя қилиб, 300 нафар таниқли маданият арбоблари оёққа турди ва мурожаатнома қабул қилди. Улар орасида машҳур режиссёр Педро Альмодовар, актёр Хавьер Бардем ва қўшиқчи Жоан Мануэль Серрат ҳам бор эди.

«Агар биз бугун Паблони қамалишига имкон берсак, эртага орамиздан истаган бошқа бир кишига бу номақулчиликлар дахлдор бўлиб қолиши мумкин», деб хавотир билан ёзилади хатда.

Рэпер тақиб қилинишини «Amnesty International» халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ҳам қоралади ва ҳукмни «адолатсиз» деб атади.

Одамлар жим юрсин...

Бу биринчи мисол ҳам эмас. Майоркалик санъаткор Хосепе Микеле Аренасе (тахаллуси Valtònyc), полиция, подшоҳ ва коррупцияга ботган сиёсатчиларни танқид қилгани учун 2018 йилда Мадрид Олий суди томонидан уч ярим йил муддатга ҳукм қилинган эди.

У ўшанда Бельгияга қочиб кетган эди. Ҳанузгача расмий Брюссель уни тутиб бериш бўйича Испания талабини қаноатлантирмай келади. Буни сўз эркинлигини тақиб қилиш, деб атайди.

«Терроризмни улуғлаш» деган тамға 2015 йилда қабул қилинган Антитеррор қонунчилигида акс этган бўлиб, бу банд консерватив бош вазир  Мариано Рахой даврида қабул қилинган ва халқаро ҳамжамият томонидан ҳануз танқид қилиб келинади.

«Бу қонун одамларни жим юришга ундайди», — дейди Немис-испан тарихичиси, ПЕН-маркази собиқ бош котиби. – «Чунки ҳозир баскларнинг Эта террорчи ҳаракати яширин қўпорувчилик ишларини олиб бораётгани йўқ. Ташкилот 2018 йилда ўзини-ўзи расман тарқатиб юборган».

Испаниялик эксперт, Эрланген-Нюрнберг университети профессори Вальтер Людвиг Бернекер Испания адлия тизими ҳаммасини ҳаддан ошириб юбормоқда, деб ҳисоблайди.

«Демократик парламент давлатида ҳақорат нима? Матбуот ҳар куни қироллик хонадонидаги коррупция ҳақида маълумот бериб турганида қўшиқчи Аселнинг бу оилани мафия тўдаси деб аташи жазолаш учун асослими?

Йўл қўйиш мумкин бўлган танқид билан ҳақоратнинг чегарасини аниқлаб олишимиз керак. Қолаверса, собиқ қирол Хуан Карлосга нисбатан коррупция айби бўйича тергов олиб борилаяпти.

Аммо унинг судга келиши мавҳум бўлиб қолмоқда. Агар бу ҳақиқатдан ҳам тўғри бўлса, демак унинг сўзлари чиндир», дейди у.

Замонавий хонанда Каталония ғарбидаги Лерид шаҳрида туғилган. Шу сабабли унинг ҳибсга олиниши бўйича норозиликлар, айниқса Каталонияда авжига чиқмоқда. Қолаверса, рэпернинг Каталония мустақиллик тарафдори эканини ҳам унинг маслакдошларини оёққа қалқитиб турибди.

Бош вазир Педро Санчес норозилик тўлқинлари тинмаётганидан хавотирга тушиб, Испанияда сўз эркинлигини ҳимоя қилишни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, зўравонликларга ҳар қандай ҳолатда ҳам йўл қўйиб бўлмаслигини айтиб ўтди.

Гулистон Қодирқулова,
журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг