Разведка раҳбари Украина уруши қандай якунланиши борасида гапирди
Буюк Британия ташқи разведка хизмати (MI6) раҳбари Ричард Мур Украина уруши борасидаги тахминлари билан ўртоқлашди. Қайд этилишича, яқин фурсатда Россия армиясининг захираси тугайди ва Украина қарши ҳужумга ўтиш имконига эга бўлади.
21 июль куни АҚШда ташкил қилинган хавфсизлик масалаларига доир форумда нутқ сўзлаган Р.Мур сўнгги ҳафталарда Россия армияси Украинада сезиларли ютуқларга эриша олмаганини қайд этган.
«Улар бирор шаҳарни эгаллаган тақдирда ҳам ўша шаҳардан ном-нишон қолмаётир. Россия кучлари яқин фурсатда буткул ҳолдан тояди», – дейди махфий идора раҳбари.
Вазият шу тахлит давом этса, Россия армиясини аскар ва техника билан таъминлаш янада мураккаблашади ва Москва бир муддат танаффус қилишга мажбур бўлади. Бу эса Украина учун жавоб зарбалари бериш учун қулай имкониятдир. Р.Мурга кўра, жавоб зарбалари бериш украиналикларнинг руҳини кўтариш учун ҳам муҳим саналади.
Newsweek нашри жосуслик идорасидаги манбаларига таяниб, Россия президенти Владимир Путин кучайиб бораётган саратон хасталигига қарши муолажа курсини олгани ҳақида хабар берган эди.
MI6 раҳбари Путиннинг саломатлиги ёмонлашгани хусусидаги шу каби овозаларга ҳам изоҳ берган. Унга кўра, Кремль соҳиби жиддий хасталикка чалинганини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас.
Эслатиб ўтамиз, разведкачи ва дипломат Ричард Мур 2020 йил куздан Буюк Британия ташқи разведка хизмати раҳбари вазифасини бажариб келмоқда.
Куни кеча АҚШ Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Уильям Бёрнс ҳам Россиянинг Украинадаги инсоний талафотларини баҳолаган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter