Қозоғистонлик амалдорлар бир ҳафтада даромадлари ҳақида декларация топширишлари керак
Қозоғистон расмийлари ва уларнинг яқинларига декларация топшириш учун роппа-роса бир ҳафта муҳлат берилди.
Бу ҳақда мамлакат Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат даромадлари қўмитасига таяниб, Kaztag нашри хабар бермоқда.
«Умумий декларациялашнинг иккинчи босқичида 2023 йилда 250.00-шаклдаги активлар ва мажбуриятлар тўғрисидаги декларация давлат органлари ва қуйи тизим ходимлари, шу жумладан, директорлар кенгаши аъзолари, уларнинг турмуш ўртоқлари томонидан тақдим этилади», – дейилади расмий манбада.
Қўмитанинг аниқлик киритишича, мамлакатда декларацияни электрон шаклда топшириш муддати 2023 йил 15 сентябрда тугайди.
«Декларацияни ўз вақтида топширишга улгуринг!» – дейилади Қўмита чақирувида.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 январдан Ўзбекистонда давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари, ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ҳамда мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши керак эди. Бироқ орадан қарийб икки йил вақт ўтса ҳам, тегишли қонун қабул қилинмади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter