Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қирғизистон Россияга расмий нота йўллади

Қирғизистон Россияга расмий нота йўллади

Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси Россия ташқи ишлар вазирлигига расмий нота юборди. Бунга Москвада қирғизистонлик таксичининг калтакланиши сабаб бўлди.

2 август куни ижтимоий тармоқларда Россия пойтахтида таксичилик қилаётган қирғизистонлик Шомил Муродовнинг калтаклангани акс этган видеолавҳа тарқалди.

Маълум бўлишича, ҳайдовчи йўловчилардан автомобиль салонида пиво ичмасликни сўраган. Бундан ғазабга минган олд ўриндиқдаги эркак ҳайдовчини муштлай кетган.

Муштумзўр екатеринбурглик тадбиркор Игорь Майсурадзе бўлиб чиқди.

Нохуш ҳодисадан кейин Ш.Муродов шифохонага борган ва унга жароҳат ташхиси қўйилган. Зўравон устидан маҳаллий полицияга ҳам мурожаат қилган, аммо ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатиш сўрови рад этилган.

Муштумзўрлик акс этган лавҳа тармоқларда тарқалиши ва Қирғизистон ҳукуматининг норозилиги ортидан Москва шаҳри Басманний тумани ички ишлар идораси Игорь Майсурадзега нисбатан Жиноят кодексининг 116-моддаси (калтаклаш) бўйича иш очган.

Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳодиса жорий йил 18 июнь куни рўй берган. Ташқи сиёсат маҳкамаси жабрдийда ватандошнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча зарур чоралар кўрилиши, ҳолат вазирлик назоратида эканини маълум қилган.

Қирғизистон фуқароси ишлаб келаётган «Яндекс.Такси» ширкати ҳайдовчининг талаби тўғри бўлгани, автомобиль салонида алкоголли ичимликлар истеъмол қилиш ман этилганини билдирган.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг