Қирғиз паспорти билан Сурияга кетишни режалаштирган ўзбекистонлик қўлга олинди
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг халқаро террористик ташкилотларга қарши курашиш бўйича ўтказган тезкор-қидирув тадбирида Ўзбекистон фуқароси Х.А. қўлга олинди. У «Ислом давлати» террор ташкилоти эмиссарлари кўмагида Қирғизистон паспортини сотиб олиб, кейин Сурияга кетишни ва террорчилик ташкилоти сафига қўшилишни режалаштирган.
Расмий хабарга кўра, Х.А. ҳозирда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов ҳибсхонасида. Шунингдек, мазкур фуқаро халқаро террористик ташкилотларга аъзоликда гумонланиб Ўзбекистонда ҳам қидирувда бўлган.
Ҳозирда мазкур фактга алоқадор шахсларни аниқлаш юзасидан тегишли тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 29 март куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Ўшда Ўзбекистон фуқароларига халқаро террорчилик ташкилотларига бориб қўшилишлари учун сохта паспортлар ясаб келган аёлни қўлга олгани тўғрисида хабар берилган эди.
Маълум қилинишича, аёлнинг уйида яна икки нафар қирғиз фуқаросига тегишли паспортлар ҳам топилган. Ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter