Қирғиз ҳукумати чегарадаги отишма сабаб аҳолини эвакуация қилишни бошлади (видео)
![Қирғиз ҳукумати чегарадаги отишма сабаб аҳолини эвакуация қилишни бошлади (видео)](https://static.xabaruz.com/crop/1/5/720_460_95_1583630742.jpg)
Қирғизистон ҳукумати икки давлат чегарасидаги отишма туфайли Тожикистон билан чегарадош бир қатор қишлоқлар аҳолисини эвакуация қилишни бошлади. Бу ҳақда 24.kg нашри хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, бугун, 16 сентябр куни маҳаллий вақт билан соат 6:30 да Тожикистон томони Боткен чегара отрядининг «Кўктош» чегара постини, шунингдек, Лейлек туманидаги Кулунду, Мақсат ва Жани-Жер ҳудудларини ўққа тутган.
«Қуролли тўқнашувлар қирғиз-тожик давлат чегарасининг бутун периметри бўйлаб – Қизил-Бел, Кўктош, Тамдиқ, Дўстуқ қишлоқлари, Торт-Кўчо участкасида бўлиб ўтмоқда», – деб ёзмоқда нашр Боткен вилояти ҳокимлигига таяниб.
Дастлабки маълумотларга кўра, қирғиз томонининг камида тўрт нафар ҳарбий хизматчиси яраланган. Чегара қишлоқлари аҳолисини эса эвакуация қилиш бошланган.
«Одамлар эрталабдан бери ваҳима ичида, қишлоқлардан қочиб кетишмоқда. Кимдир машинасида, кимдир пиёда. Йўлда тирбандлик. Ўқ отишнинг тўхтамаётгани туфайли баъзилари уйларини тарк эта олмаяпти», – дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати Тожикистон томонини аввал эришилган барча келишувларни бузган ҳолда, Боткен вилоятидаги қирғиз-тожик давлат чегарасининг бутун периметри бўйлаб чегара ва фуқаролик объектларига ҳужум қилганликда айблади.
Шунингдек, қирғиз томони иккинчи томоннинг ҳарбий хизматчилари эканлиги аниқланмаган шахсларнинг қуролли можароларда фаол иштирок этаётганини, қирғизистонликлар орасида турли ташвиқот ишларини олиб бораётганини айтмоқда.
Тожикистон МХҚ эса Қирғизистонни аҳоли пунктларига ҳужум қилганликда айблаяпти.
«Исфара шаҳрининг Хўжаи Аъло, Қуммазор, Сурх, Сомониён, Қулканд, Бобожон Ғофуров туманининг Хистеварз ва Овчиқалача аҳоли пунктлари Қирғизистон ҳарбийлари томонидан ўққа тутилди», – деб хабар берган мамлакат Миллий давлат қўмитаси Чегара қўшинлари матбуот маркази.
Тожикистон томонининг қайд этишича, 16 сентябр куни соат 04:50 атрофида Қирғизистоннинг Боткен чегара отрядига қарашли «Кўктош» чегара пости чегарачилари келишувни бузган ҳолда, «Душанбе» чегара постидаги Исфара чегара отрядини ўққа тутган.
Эслатиб ўтамиз, чегарадаги навбатдаги можаро сешанба, 14 сентябр куни бошланган ва Булоқ-Боши ҳудудида қирғиз-тожик чегарасидаги отишма Боткен вилояти раҳбари Абдикарим Алимбаев ва Сўғд вилояти (Тожикистон) раҳбари Ражаббой Аҳмадзоданинг телефон орқали мулоқотидан сўнг тўхтагани айтилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter