Путиннинг «сулҳ муждаси» рад этилди
Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Россия президенти Владимир Путин воситачилар орқали Қўшма Штатларга Украинадаги можарони музлатиб қўйишни таклиф қилгани, аммо музокаралар муваффақиятсиз якунлангани ҳақидаги хабарни рад этди.
Reuters агентлигининг ўз манбаларига таяниб ёзишича, 2023 йилда Путин оммавий ва шахсий тарзда воситачилар, жумладан, Москванинг Яқин Шарқдаги араб ҳамкорлари орқали Вашингтонга Украинада ўт очишни тўхтатиш имкониятини кўриб чиқишга тайёр эканлигини очиқ-ойдин билдирган.
Шу билан бирга, Россия президенти гўёки ҳозирги йўналишдаги можарони музлатиб қўйишни таклиф қилган ва Россия босиб олган Украина ҳудудларидан бирортасини ҳам беришни истамаган, дейди агентлик суҳбатдошлари.
2023 йил охири ва 2024 йил бошида бўлиб ўтган мунозаралар билан таниш бўлган юқори мартабали россиялик амалдор, анонимлик шарти билан Reuters агентлигига «америкаликлар билан алоқалар ҳеч қандай натижага олиб келмади», деди.
Шу билан бирга, америкалик манба ҳар қандай норасмий алоқалар ҳақидаги маълумотни рад этди ва Вашингтон Киев иштирокисиз музокаралар олиб бормаслигини айтди.
Ўтган ҳафта америкалик журналист Такер Карлсон билан суҳбат чоғида Путин америкаликларга музокараларнинг фойдаси ҳақида монолог билан мурожаат қилганди:
«Бу можаро АҚШга керакми? Нима учун? Бу сизнинг миллий ҳудудингиздан минглаб километр узоқликда жойлашган. Сизда бошқа муаммолар бор: чегарадаги муаммолар, миграция билан боғлиқ муаммолар, давлат қарзи билан боғлиқ муаммолар – 33 триллион доллардан ортиқ. Россия билан келишувга эришганингиз маъқул эмасми?».
Шу билан бирга, у Киев «Вашингтон кўрсатмаси бўйича» музокаралардан бош тортганини даъво қилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter