Путин воситачилигида Илҳом Алиев ва Никол Пашинян учраштирилди
31 октябрь куни Сочи шаҳрида Россия президенти Владимир Путин воситачилигида Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян учрашуви бўлиб ўтди. Уч томонлама музокара якунида қабул қилинган баёнотга кўра, Жанубий Кавказда куч ишлатишдан тийилишга келишилган.
Озарбайжон президенти И.Алиев В.Путин билан икки томонлама музокарада Ереван билан муносабатлар беш асосий тамойил асосида изга туширилиши мақсадга мувофиқ эканини таъкидлаган.
Қайд этиш жоизки, жорий йил март ойида тақдим этилган тинчлик битими бўйича таклифлар пакети ўзаро суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва халқаро чегараларни тан олиш, бир-бирига нисбатан ҳудудий даъво билан чиқмаслик, БМТ низомлари доирасида иш тутган ҳолда бир-бирига таҳдид солмаслик, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш, ўзаро транспорт ва коммуникация алоқаларини йўлга қўйиш кабиларни ўз ичига олади.
«Қорабоғ ихтилофи тарихга айланди, у икки йил аввал ҳал этилган. Шу боис ҳам бу борада муҳокамага ҳожат йўқ. Озарбайжон–Арманистон муносабатларини изга солиш эса жуда жиддий қадамларни талаб этади», – деган И.Алиев.
Ўз навбатида, Арманистон бош вазири Москва томонидан таклиф қилинган ёндашувлар, Ереван ва Боку муносабатларини ўрнатишнинг асосий тамойиллари мақбул эканини қайд этган.
Мезбон уч томонлама учрашувни «фойдали» деб атаган.
«Муштарак хулосамизга кўра, бу жуда фойдали учрашув бўлди. Назаримда, у айрим муҳим масалалар бўйича истиқболда келишувга эришиш учун замин ҳозирлади», – деган Россия президенти.
Музокара якунида қабул қилинган баёнотда томонлар куч ишлатишдан тийилиш, муаммоли масалаларни БМТ Уставига биноан суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва чегаралар дахлсизлиги тамойиллари асосида муҳокама қилиш ва ҳал этиш истагини билдирган. Айни чоқда, Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тинчлик битими имзолаш учун фаол ҳозирлик кўриш муҳимлиги таъкидланган.
Қорабоғда 2020 йил 27 сентябрда бошланган 44 кунлик уруш якунида Озарбайжон ишғол остида бўлган ерларини қайтариб олди. 2020 йил 10 ноябрда имзоланган уч томонлама битимга кўра Арманистон ўз қуролли кучларини минтақадан олиб чиқиш мажбуриятини олди.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан Европа кенгаши раиси Шарль Мишель воситачилигида ҳам музокаралар ўтказиб келмоқда. Тинчлик битими имзолашга қаратилган учрашувларнинг сўнггиси жорий йил 31 август куни Бельгия пойтахти Брюсселда бўлиб ўтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter