Покистон ва Эрон вазиятни кескинлаштирмасликка келишиб олди
Жорий йилнинг 17 январида Эрон томони «терроризмга қарши кураш» номи остида Покистон ҳудудида ҳаво зарбасини берган ва оқибатда икки бола ҳалок бўлган ва уч киши яраланган эди.
Ўз навбатида Покистон томони ушбу вазиятнинг жавобсиз қолмаслиги ҳақида огоҳлантириб, 18 январ куни Эрондаги бир қанча нишонларга зарбалар берди.
Шунингдек, Покистон Ташқи ишлар вазирлиги Эрондаги элчисини чақириб олишга қарор қилган эди.
Покистон Ташқи ишлар вазирлиги 19 январ, шанба куни мамлакат ТИВ раҳбари Жалил Аббос Жилонийнинг Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир-Абдуллахон билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтганини маълум қилди.
Қайд этилишича, мулоқот давомида ики давлат ўртасидаги яқин қардошлик муносабатлари таъкидланиб, Покистон Ташқи ишлар вазири Эрон билан ўзаро ишонч ва ҳамкорлик руҳида ишлаш истагини билдирган.
У, шунингдек ҳудудий яхлитлик ва суверенитетга ҳурмат ҳамкорлик асоси бўлиши кераклигини таъкидлаган.
«Икки давлат ташқи ишлар вазирлари терроризмга қарши кураш ва ўзаро манфаатли бошқа жабҳаларда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлигига тўхталишди. Улар, шунингдек, вазиятни кескинлаштирмасликка келишиб олдилар», – дейилади Покистон ТИВ хабарида.
Қолаверса, икки давлат элчиларини ўз иш жойларига қайтариш масаласи ҳам муҳокама қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter