Ота ва қиз ноёб скрипка сабаб ваҳшиёна ўлдирилди — Парагвай
Германиялик созгар уста ва археолог Бернард фон Бредов Парагвайнинг Асунсьон шаҳридаги уйида ўлик ҳолда топилди. Босқинчилар уй соҳибининг 14 ёшли қизи Лоринага ҳам раҳм қилишмаган. Ота-бола тўппончадан отиб ўлдирилган.
Бернард фон Бредов қаттиқ қийноққа тутилган. Тахминларга кўра, босқинчилар уйдан муҳим нарсани қидирганлар.
Парагвай полицияси томонидан ушбу ваҳшиёна қотиллик бўйича 3 нафар Германия фуқароси – 58 ёшли Фолькер Граннас, 60 ёшли Ив Азриэль Спартак Стейнмец ва 51 ёшли Стефан Йорг Мессинг Дарчингер қўлга олинди. Жиноятчилар машҳур созгар Антонио Страдивари ясаган, XVII-XVIII асрга оид ноёб скрипкани қўлга киритишни мўлжаллагани айтилмоқда. Марҳум билан қўшни яшаган гумонланувчи Фолькер Граннаснинг уйидан тинтув пайти Бернард фон Бредовга тегишли 4 та скрипка топилган.
Тергов идорасига кўра, Бернард фон Бредов сафарга кетиш арафасида қимматбаҳо созларини Фолькер Граннасга омонат қолдирган. Сафардан қайтиб скрипкаларини қайтаришни сўраганида эса, Ф.Граннас чолғулар ёнғин пайти ёниб кетди деб баҳона қилган.
Полиция қотиллар марҳумнинг уйидан скрипкаларнинг халқаро гувоҳномаларини қидирганини тахмин қилмоқда. Гап шундаки, ҳар бири камида 3-4 миллион доллар турадиган скрипкаларни халқаро гувоҳномасиз сотиб бўлмайди.
Археолог ва соз устаси Бернард фон Бредов Германияда туғилган. Европада чолғулар реставратори сифатида танилган. Икки йил аввал Парагвай пойтахти яқинидаги шаҳарчага кўчиб борган.
Афсонавий итальян соз устаси Антонио Страдивари (1644-1737) ҳаёти мобайнида мингга яқин чолғу ясаган. Улардан 650 га яқини бизга қадар етиб келган. Страдивари скрипкалари жуда юқори баҳоланади. Масалан, 2011 йилда «Lady Blunt» деб аталган чолғу кимошди савдосида 16 млн долларга сотилган.
Кейинги 50 йил ичида Страдивари скрипкаларини сабаб ўнлаб ўғрилик, босқинчилик ва қотиллик жиноятлари содир этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter