Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўт билан ўйнашманг!» – Хитой уруш очиш билан таҳдид қилди

«Ўт билан ўйнашманг!» – Хитой уруш очиш билан таҳдид қилди

Фото: «UPI»

Хитой мудофаа вазирлиги Тайвань мустақиллик йўлида шу тахлит қалтис ҳаракат қилаверса, унга қарши уруш очилишини эълон қилди. Расмий Пекинга кўра, Тайвань мустақиллигига интилиш уруш бошланишини англатади.

Сўнгги пайтларда Хитой ҳарбий ҳаво кучларига қарашли самолётларнинг Тайвань оролига бир неча бор яқинлашгани қайд этилган. Хитой мудофаа вазирлиги бу ҳолатни миллий хавфсизликни ҳимоя қилиш йўлидаги ҳаракат деб атаган.  

«Бу – ташқи кучларнинг аралашуви ҳамда Тайвань мустақиллиги тарафдорларининг провокацияларига жавобдир. Биз Тайвань мустақиллигини байроқ қилаётган кучларни огоҳлантирамиз: кимки ўт билан ўйнашса, ўзи ҳам олов ичида қолади. Тайвань мустақиллиги бу – уруш демакдир»,  – дейилади Хитой мудофаа вазирлиги баёнотида.  

Расмий Пекин Тайвань ҳукуматининг оролни мустақил деб эълон қилишидан қаттиқ хавотирланмоқда. Уруш очилиши ҳақидаги огоҳлантириш ҳам, аслида, Тайвань президенти Цай Инвэнни қўрқитиб қўйиш мақсадида берилгани айтилмоқда. Тайвань президентининг ўзи эса орол-мамлакат шундоқ ҳам мустақил экани, расмий мустақилликнинг асло керагини йўқлигини таъкидлаб келади. 

Хитой Тайванни ўзининг ажралмас таркибий қисми деб ҳисоблайди. Ўз конституцияси, армияси ҳамда сайланган ҳукуматига эга Тайвань аҳли эса ўзларини мустақил давлат фуқаролари деб биладилар.

1949 йилдан буён Тайвань ҳукумати оролни Хитойдан мустақил ҳолда идора этиб келади. Расмий Пекин орол маъмурияти фаолиятини халқаро майдонга чеклашга уринади. Гарчи Тайвань мустақиллигини дунё бўйича бир неча давлат тан олган бўлса-да, ушбу мақом тижорат ва савдода муҳим аҳамият касб этади.

Кейинги йилларда икки ўртадаги зиддият кескин кучайди. Илгари шунчаки дўқ-пўписалар билан чекланган Хитой маъмурияти жиддий равишда уруш хатаридан огоҳлантирмоқда.  Негаки, Хитой учун Тайваннинг мақоми, худди Ҳонконг каби «қизил чизиқ» вазифасини ўтамоқда.

АҚШнинг янги президенти Жо Байден эса Тайванни қўллаб-қувватлаш ниятида.

Янги маъмурият Хитойга инсон ҳуқуқлари, савдо зиддиятлари қаторида Тайвань ва Ҳонконг масаласида ҳам босим сиёсатини юритиши кутилмоқда. Хитой мудофаа вазирлигининг уруш очиш ҳақидаги огоҳлантириши ҳам Вашингтон томонидан афсусланарли қадам деб баҳоланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг