Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олимлар икки кунда 80 миллион кишини ўлдириши мумкин бўлган касалликдан огоҳлантиришмоқда

Олимлар икки кунда 80 миллион кишини ўлдириши мумкин бўлган касалликдан огоҳлантиришмоқда

Фото: «Радио 1»

Глобал тайёргарлик мониторинги кенгаши (GPMB) олимлари 36 соатда бутун дунёга тарқаб, 80 миллион кишини ўлдириши мумкин бўлган пандемия (ўта кучли эпидемия) хавфидан огоҳлантиришмоқда. Ташкилотнинг «Дунё хавф остида» ҳисоботида бу ҳақда батафсил сўз боради.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, ҳозиргача маълум ёки янги ўнлаб вируслар «Х касаллик»ка айланиши мумкин. Ўлим келтирувчи бало бўлишга асосий даъвогарлар: гриппнинг беш вируси, Эбола, Денге ва Зика вируслари ҳамда сариқ безгак.

Маърузада инсоният ҳозирда пандемиянинг «реал хавфи»га тайёр эмаслиги айтилган ва қатор омиллар мисол келтирилган. Масалан, ўтган 100 йилда пандемия тарқаши кўп карра ошди — ҳар куни миллионлаб инсонлар самолётларда мамлакатлардан мамлакатларга, қитъалардан қитъаларга саноқли соатларда етиб олишяпти. Бунинг оқибатида қотил-вируслар бутун сайёрамиз бўйлаб тарқаши учун 36 соат кетади, холос.

«Катта тезликда бир жойдан иккинчи жойга кўчувчи патогенлар салоҳиятини тасаввур қилишнинг ўзи қўрқинчли. Улар миллионлаб одамларни ўлдириш, иқтисодиятларни таназзулга учратиш, миллий хавфсизликни издан чиқариш қудратига эга», — дейилади ҳисоботда.

Олимлар айни пайтда кўп мамлакатлар ҳукуматларининг эпидемияларга қарши ҳозирлик даражасини етарли эмас, дейишмоқда. Улар огоҳлантиришмоқдаки, бу касаллик, худди испанка каби, икки кунга ҳам етмасдан 80 миллион инсоннинг ёстиғини қуритиб, жаҳон иқтисодиётига улкан зиён етказиши хавфи бор.

Маълумот учун: Испан гриппи ёки «испанка» — инсоният тарихидаги энг улкан ва аянчли грипп пандемияси ҳисобланади. 1918–1919 йилларда (18 ойда) дунё бўйлаб испанкани қарийб 550 миллион киши ёки сайёрамизнинг 29,5 фоиз аҳолиси юқтирган. Ўлганлар сони тахминан 50–100 млн. киши (!) ёки сайёрамизнинг 2,7–5,3 фоиз аҳолиси.

Эпидемия Биринчи жаҳон урушининг сўнгги ойларида тарқаган ва унинг қурбонлари сони кўп ўтмай ўша пайтдаги энг йирик жаҳон уруши қурбонлари сонидан ҳам ошиб кетган. Айтишларича, пандемияга айнан уруш сабаб бўлган: санитария ҳолатининг жуда ёмонлиги, ёмон овқатланиш, ҳарбий ва қочоқлар лагерларининг ўта тиғиз жойлашганлиги.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг