Ўғирлаб кетилган бола 38 йилдан сўнг топилди (видео+фото)
Хитойда кекса ота-она 38 йил муқаддам ўғирлаб кетилган ўғли билан учрашди. Бу ҳақда «Daily Mail» хабар берди.
Хитой шимоли-ғарбидаги Шэньси провинциясидаги оила 1982 йил 12 майда икки ёшли ўғли Цзинь Шуй ғойиб бўлгунга қадар бахтли ҳаёт кечиришган. Ўша куни оқшом оила бошлиғи Су Биндэ қариндошларини зиёрат қилгани йўлга отланган. Тунда қайтиб келишини ўйлаб эшикни қулфламаган: уйда рафиқаси Хуан Жэньсю ўғли ва қизи билан қолган. Тонг сахарда аёл ёнида ухлаб ётган Цзинь Шуй йўқолганини кўриб даҳшатга тушган. Болакайни излаш учун бутун қишлоқ аҳли оёққа турган, лекин уни топишолмаган.
Отаси ўғли ҳақида бирорта хабар эшитиш илинжида бошқа шаҳарларга ҳам бориб-келган. Транспорт харажатини тежаш мақсадида ҳатто пиёда саёҳат қилишига тўғри келган. Қайғуга ботган онада эса руҳий муаммолар келиб чиққан. Маҳаллий полиция суриштирув ишларини бошлаб юборган, бироқ боланинг ўғирланишига оид иш ёпилмасдан қолиб кетган.
38 йилдан сўнг полиция 70 ёшли ота-онага ўғли топилгани тўғрисида хабар берди. Миллий маълумотлар базасидаги намуналарни таққослаш орқали бунинг уддасидан чиқишди. 40 ёшни қоралаб қўйган Цзинь Шуй ота-онасидан минг километр олисда рафиқаси ва икки нафар ўғли билан Ли Гуолинь исми билан яшаб келган.
Одам савдоси — Хитой жамиятидаги долзарб муаммо. Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда ҳар йили турли ёшдаги қарийб 70 мингта бола ўғирлаб кетилади ёки сотиб юборилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter