Нью-Йоркда ойнаванд осмонўпар бинолар қуриш тақиқланди
«Заминимизга зарар етказувчи, келажагимизга хавф солувчи осмонўпар бинолар Нью-Йоркда бошқа қурилмайди», — деди шаҳар мэри Билл де Блазио. Бу ҳақда «Welt» ёзмоқда.
Бу шаҳарни 2050 йилгача ривожлантириш бўйича «Янги яшил йўл» стратегиясининг бир қисми. Нью-Йорк — бу ташаббус билан чиққан АҚШдаги биринчи шаҳар.
Яқинда шаҳар кенгаши қабул қилган қонун лойиҳасига кўра, бундан буён осмонўпар бинолар эгалари ўз иншоотлари энергия самарадорлиги, қанчалик экологик тозалиги ҳақида ҳукумат билан ҳисоблашишга мажбур.
Мутахассисларнинг ҳисоблашича, «Яшил йўл» баланд бинолар ҳисобига чиқаётган заҳарли газларни 2030 йилда 40 фоизга, 2050 йилда 80 фоизгача камайтириш имконини беради. Осмонўпар бинолар эгалари ўз биноларини янги стандартлар асосида замонавийлаштиришлари талаб этилади, акс ҳолда ҳар бир бино учун 1 миллион долларгача жарима солинади.
Блазионинг айтишича, ойнаванд деворлар «жудаям самарасиз», чунки жуда кўп энергияни чиқариб юборади. Ва айнан шу бинолар АҚШдаги энг йирик мегаполис — Нью-Йоркда ҳавога заҳарли газлар чиқарилишида бош манба бўлиб турибди.
Нью-Йоркни ривожлантириш стратегиясига кўра, худди Канада шаҳарлари ГЭСлардан қувватлангани каби, АҚШнинг энг йирик шаҳри ҳам тоза энергия манбаларидан фойдаланиши керак. Йирик бинолар фақат «тоза» электр энергиясини сотиб олади ва шаҳар ҳавосини мусаффо қилишга ҳисса қўшади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter