Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нима учун Британия қироличаси туғилган кунини йилига икки марта нишонлайди?

Нима учун Британия қироличаси туғилган кунини йилига икки марта нишонлайди?

Фото: «PA \TASS / Yui Mok»

21 апрель куни Буюк Британия қироличаси 95 ёшини нишонламоқда. Виндзорлар сулоласидан бўлган Елизавета Aлександра Мария Британия тарихида энг узоқ вақт ҳокимият тепасида бўлган — у 1952 йилда отаси Георг VI вафотидан кейин тахтга ўтирган. МИР 24 маълумотига кўра, қироличанинг атиги етмиш йил ҳукмронлиги даврида 15 нафар бош вазир алмашган.

Қизиғи шундаки, Буюк Британия монархлари анъанавий равишда йилига икки марта туғилган кунини нишонлашади. Дарҳақиқат, Елизавета II 1926 йил 21 апрелда дунёга келган, аммо унинг расмий туғилган куни июнь ойининг биринчи, иккинчи ёки учинчи шанбаси — кунлар илий бошлаганда нишонланади. Ушбу ғоя ноябрда туғилган қирол Георг II га тегишли.

1748 йилда монарх ҳукмдорнинг туғилган кунини бутун мамлакат бўйлаб кузги ёғингарчиликда нишонлаш яхши фикр эмаслигини тушунган. Ёмғир остида сайлларни ташкил этиш мушкул. Шу сабабли, у расмий байрамни ёзга қолдиришга ва ҳақиқий туғилган кунини эса оиласи даврасида нишонлашга қарор қилган.

Қиролнинг туғилган куни Британияда миллий байрам ҳисобланади, унда нафақат лондонликлар, балки кўплаб сайёҳлар ҳам иштирок этишни хоҳлашади. Бундан ташқари, шу куни Британия хазинаси сезиларли даражада тўлдирилади, чунки байрам маросимига гувоҳ бўлишни хоҳловчилар чипта сотиб олишига тўғри келади.

Расмий байрам Буюк Британия ва Миллатлар Ҳамдўстлигида нишонланади. Шу куни пойтахтда фестиваль ва ҳарбий парад бўлиб ўтади. У 260 йилдан ортиқ вақтдан бери ўтказиб келинмоқда. У Букингем саройи ёнидан ўтиб, Грин паркда 41 та ва Тауэрда 62 та қуролдан отилган салют билан тугайди. Парадда 1400 дан ортиқ ҳарбий хизматчи, 200 от ва 400 мусиқачи қатнашади.

Парад Букингем саройидан бошланади, сўнг иштирокчилар от гвардияси паради бўлиб ўтадиган Уайтхолл кўчаси томон ҳаракатланишади. Сўнгра ҳаммаси Букингем саройига қайтади. Қиролича оиласи билан бирга фуқароларини балконда туриб кузатади ва ўша ердан Қироллик ҳарбий ҳаво кучлари авиашоусини томоша қилади.

Елизавета иккинчи ўзининг апрелдаги норасмий туғилган кунини одатда уйида, Букингем саройида барча оила аъзолари иштирокида нишонлайди. Кўпинча уларга элчилар ёки бошқа юқори мартабали меҳмонлар ҳамроҳ бўлишади. 2016 йилда ўзининг 90 йиллигида қиролича Виндзор бўйлаб сайр қилган, кейин эса ўша куни 90 ёшга тўлган оддий британияликлар билан чой ичган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг