Нетаняҳу Фаластин бўйича янги режа эълон қилди
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ғазода урушдан кейинги ҳолат бўйича режа эълон қилди.
Режа Ғазо секторининг қуролланишига йўл қўймаслик, Исроил армиясининг ҳудудда ҳарбий ва фуқаровий назоратни сақлаб қолишини кўзда тутади.
«Йўл харитаси»га кўра, Ғазода бошқарув «террорга алоқаси бўлмаган маҳаллий кучлар»га топширилади, раҳбар органларга тайинловлар юзасидан Исроил розилиги олинади.
Нетаняҳу БМТнинг Фаластинга кўмак бериш билан шуғулланиб келаётган энг асосий тузилмасини (UNRWA) ёпиш мақсадини ҳам эълон қилган.
Исроил расмийлари кейинги вақтларда бутун дунё ҳамжамияти, ҳатто яқин иттифоқчиси АҚШ раъйига қарши бориб, мустақил Фаластин давлати тузилишига йўл қўйилмаслиги ҳақида баёнот бермоқда. Янги режада ҳам мустақил Фаластин давлати тузилиши истисно қилинган.
Фаластин томони Исроил таклиф этаётган режани босқинчилик сиёсатининг давоми сифатида рад этган.
«Агар дунё ҳамжамияти чиндан ҳам минтақада хавфсизлик ва барқарорлик ҳукм суришини истаса, Фаластин ерларида Исроил оккупациясига чек қўйиши ва пойтахти Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини тан олиши керак», – дейилади Фаластин президенти девони тарқатган баёнотда.
БМТ бош котибининг матбуот котиби Стефан Дюжаррик ҳам Исроил бош вазири илгари сурган режа юзасидан хавотир билдирган.
«Бу режа Исроил ва Фаластин халқи ёнма-ён яшаши ҳамда Ғазо аҳолиси борасидаги умидларимизга зиддир», – деди БМТ воизи.
Халқаро ташкилот вакилига кўра, Ғазода зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, оғир шароитда қолаётган фаластинликларга гуманитар кўмак кўрсатиш ва пироваридида масалани мустақил Фаластин давлатини тузиш орқали ҳал этиш керак.
Таҳлилчиларга кўра, Нетаняҳу таклиф этган бир томонлама режа АҚШ томонидан ҳам маъқулланмайди. Негаки, Оқ уй ҳам минтақада тинчлик ўрнатиш учун икки давлат тамойили амал қилиши, яъни мустақил Фаластин давлати тузилиши кераклигини айтмоқда.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Ғазода 4 ойдан буён давом этаётган урушда 29514 фаластинлик ҳалок бўлди. Бу минтақадаги 2,3 миллион аҳолининг 1,3 фоизи бевақт ҳаётдан кўз юмганини англатади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter