Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Навальнийнинг жасадини беришмаяптими, демак, яширадиган нарса бор» — экспертлар

«Навальнийнинг жасадини беришмаяптими, демак, яширадиган нарса бор» — экспертлар

Фото: REUTERS

Навальнийнинг онаси яна Салекхарддаги ўликхонага борган. Улар сиёсатчининг жасади бор ёки йўқлигини айтишмаяпти, деб хабар бермоқда BBC.

Алексей Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш бугун, душанба куни эрталаб сиёсатчининг онаси ва адвокатлари Салекхарддаги ўликхонага яна боришганини маълум қилди.

«Уларнинг ичкарига киришига рухсат берилмаган. Адвокатлардан бирига куч ишлатилган. Алексейнинг жасади бор-йўқлигини сўрашганда, ходимлар жавоб беришмаяпти», деб ёзади у ижтимоий тармоқларда.

Бир кун олдин «Медиазона» кузатув камераларидаги видеоёзувларни таҳлил қилиб, онасининг колонияга келиши арафасида Навальнийнинг жасадини Салекхардга олиб ўтиши мумкин бўлган Федерал жазони ижро этиш хизмати кортежини кўрган. Бу 16 февралдан 17 февралга ўтар кечаси ярим тунда содир бўлган.

Навальний ўлимидан сўнг ўтган уч кун ичида унинг оиласига жасад берилмади. Сиёсатчининг сафдошлари жасад унинг қариндошларидан атайлаб яширилган деб ҳисоблашмоқда.

Ўтган ҳафта охирида Харп колониясига келган Навальнийнинг онаси ва адвокатлари Салекхард ўликхонасига боришганди. Аммо у ерда сиёсатчининг жасади йўқлигини айтишган. Тергов бўлими эса ўлим сабабларини аниқлаш давом этаётгани ва бир ҳафта ичида терговни якунламасликларини айтишган.

Эслатиб ўтамиз, 16 февраль куни Россия Федерацияси Ямало-Ненец автоном округи федерал жазони ижро этиш хизмати мухолифатчи Алексей Навальний вафот этгани ҳақида хабар берди.

Ғарб давлатлари етакчилари 47 ёшда ёруғ дунё билан хайрлашган мухолиф сиёсатчининг ўлимида Россия раҳбарияти, хусусан, Владимир Путинни айбламоқда.

Навальний бир йил аввал қамоқхонадан йўллаган мурожаатида империячилик кайфияти Россияни ҳалокатга етаклашидан огоҳлантирган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг