Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мухолифатчининг заҳарланиши Россияга қимматга тушиши мумкин

Мухолифатчининг заҳарланиши Россияга қимматга тушиши мумкин

Фото: Getty Images

Мухолиф сиёсатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланиши ортида Россия расмийлари тургани тасдиқланса, АҚШ Москвага нисбатан янада кескин жазо чораларини қўллайди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби ўринбосари Стивен Биган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувда маълум қилди.

25 август куни АҚШ давлат котиби Майк Помпео ҳам ушбу масалада баёнот бериб, Навальнийнинг заҳарланганидан хавотир билдирган ва бу борада жиддий текширув-тафтиш ўтказиш лозимлигини таъкидлаган эди. 

Россиялик таниқли сиёсатчи, амалдаги ҳукуматнинг кескин танқидчиси Алексей Навальний 20 август куни Томскдан Москвага учиш пайти самолётда ҳушидан кетган. Самолёт Омск аэропортига фавқулодда қўндирилган. Комага тушиб қолган сиёсатчи Омск шифохонасида 2 кун даволанган, сўнгра 22 август тонгида махсус учоқда Германия пойтахти Берлиндаги Charite шифохонасига олиб кетилган.

Алексей Навальнийнинг аҳволи оғирлашган кундан буён у расмий доиралар томонидан заҳарланган бўлиши мумкинлиги ҳақида тахминлар янграмоқда. Charite шифохонаси 24 август куни эълон қилган дастлабки хулосада ҳам бемор холинэстераза ингибитори деб номланган моддадан заҳарлангани айтилди. Заҳарнинг аниқ таркиби маълум эмас, бу борада чуқур тадқиқотлар бошланган. Шифокорларнинг маълум қилишича, бемор Навальний ҳозирча сунъий кома ҳолатида ётибди, унинг аҳволи оғир, аммо ҳаётига жиддий таҳдид мавжуд эмас.

Европа мамлакатлари етакчилари, жумладан, Германия канцлери Ангела Меркель, Франция президенти Эммануэль Макрон, Евроиттифоқ ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Жозеп Боррель Навальнийни заҳарлашга уриниш ҳодисасини қоралади ва Россия ҳукуматини чуқур текширувлар ўтказишга чақирди. 

Навальнийнинг тарафдорлари ҳам сиёсатчининг заҳарланганини таъкидлаб келмоқда. Россиялик врачлар эса беморда заҳарланиш аломатлари мавжуд эмаслигини билдирган. Бу борада жиноий иш қўзғатилмаган. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Навальнийнинг заҳарланишига Кремль алоқадор экани ҳақидаги тахминни рад этган.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг