Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Марадонани ота-онасининг ёнига дафн этишди (фото)

Марадонани ота-онасининг ёнига дафн этишди (фото)

Фото: «Tvc.ru»

Аргентинада 25 ноябрь куни вафот этган афсонавий футболчи Диего Марадона дафн этилди. Унинг хоки Буэнос-Айрес шаҳар атрофидаги Белла-Виста қабристонига қўйилди. Марадона ота-онасининг ёнига дафн этилди.

Маросимда марҳумнинг 25 нафар яқин қариндошигина иштирок этди. Футболчи мухлислари эса қабристонга киритилмади, дея хабар берди «TN24».

Қабристон эрта тонгдан Аргентина махсус кучлари ходимлари томонидан қўриқлашга киришилди, одамлар дарвоза яқинига ҳам йўлатилмади. Шунга қарамай, мотам кортежи етиб келганда Марадона мухлислари билан полициячилар ўртасида тўқнашув келиб чиқди, ҳатто, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бири жароҳат олди. Тартиб посбонлари оломонга қарши кўзни ёшлантирувчи газ ва резина ўқлардан фойдаланишга тўғри келди.

Кортеж футболчи билан хайрлашиш маросими бўлиб ўтган президент саройидан қабристонга етиб келган. У ерда ҳам полициячилар билан тўқнашувлар юз берган — Марадона билан видолашгани миллионлаб одамлар келишган, улар бир неча километрлик навбатда туриш ўрнига, тезроқ бинога киришга уринишган.

Сарой олдидаги тўқнашувлар шу даражада авж олганки, полиция у ерда ҳам кўзни ёшлантирувчи газ ва резина ўқларни қўллади. Ҳатто, ғазабланган оломонни тарқатиш учун зирҳли машина ҳам етиб келди. Охир-оқибат, хайрлашув маросимини муддатидан олдин тўхтатишга мажбур бўлишди. Шунга қарамай, Аргентина президенти Альберто Фернандес қўриқчилари қуршовида жаҳон футболи афсонаси билан хайрлашиш учун келди.

Марҳумни кузатиш пайтида мухлислар кортеж йўлини тўсиб, тирбандликларни келтириб чиқаришди. Ҳайдовчилар йўлнинг қатнов қисмига чиқиб, Марадонага ҳурмат бажо келтиришди. Улар футболчи шарафига тинмай қўшиқ куйлашди.

Дафн маросими пайтида жанжал ҳам келиб чиқди. Маросим учун тобутни ҳозирлаётган икки нафар ходим у билан расмга тушишга қарор қилишган. Улардан бири операторга чап қўлининг бош бармоғини кўрсатиб, ўнг қўлини марҳум футболчининг пешанасига қўйган.

Марадона 25 ноябрь куни вафот этди. У 60 ёшда эди. Дастлабки маълумотларга кўра, ўлимига ўткир юрак етишмовчилиги сабаб бўлган. Шунингдек, ўпкаси шишганлиги ҳам айтилмоқда. Ўлимидан сўнг Аргентинада миллий мотам эълон қилинди: у уч кун давом этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг