Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Марадона: футболдаги парвоз, наркотик, шон-шуҳрат ва ғалвалар

Марадона: футболдаги парвоз, наркотик, шон-шуҳрат ва ғалвалар

У – ҳақиқий футбол юлдузи, копток тепиш учун туғилган, «стадион боласи», маҳоратли ва чапдаст ўйинчи, мухлисларнинг эркатойи, тантиқ ҳамда жанжалкаш, оғзидан боди кириб, шоди чиқадиган, ҳаёти қувончли лаҳзалар ва серғалва ташвишларга лиммо-лим Диего Марадона эди! Унинг ҳаёти турли ғалвалардан холи бўлмаса-да, аммо футбол тарихида ўчмас из қолдирди. Диего Армандо Марадона учар футболчи эканлиги билан миллионлар қалбини забт этган эди. Қуйида ана шу афсонавий футболчининг ҳаётига назар соламиз...

 Амакиваччанинг совғаси

1960 йилнинг 30 октябрида Буэнос-Айрес яқинида, дон Диего ва дона Далма оиласида навбатдаги чақалоқ келди. Уч нафар қизидан сўнг «меросхўр ўғил»нинг туғилиши отани ниҳоятда хушнуд этди. Кичик Диегонинг еттинчи туғилган кунида амакиваччаси унга футбол тўпини совға қилди. Бу ҳақиқий чарм копток эди. Очиғини айтганда, гўдакни кўпроқ бошқа ўйинчоқлар – самолёт, вертолёт, паровоз, кемалар қизиқтирарди. Баҳор кириб келгач эса, у биринчи марта бу ҳадяни кўчада синаб кўрди.

Шу тариқа футбол кичик Диегонинг ҳаётий қувончига айланди. У бўш қолди дегунча ўзидан катта болалар билан тўп сурарди. Дона Далма ўғлининг кўчага чиқишига рухсат бермаганида эса хонадонда ҳақиқий дод-фарёд ва шовқин-сурон кўтариларди. Бундай вазиятда унинг халоскори ҳамиша отаси бўларди. Дон Диего ўғлининг тарафида бўлиб, ҳатто тез-тез у билан бирга чиқар, коптокни қандай тепиш кераклигини эринмай кўрсатиб берарди.

Мактабга келгач, Марадона дарҳол кичик синф ўқувчиилардан иборат футбол жамоасига қабул қилинди. Илк машғулотларданоқ у пешқадамлигини намоён этди. Ёш Диего нафақат гол урар, балки ҳамиша, айниқса, унинг жамоаси гол ўтказганида клубдошларини руҳлантириб ҳам турарди. Бир куни майдонга чиқишгач, Диего жароҳати туфайли ўйнай олмайдиган ўртоғига ўзи учун иккита, ўртоғи учун учта гол уришга ваъда берди.

 Соҳибжамол Кристина

«Биз майдонда машинани эслатардик, – деб эслаганди Марадона мазкур ўйин ҳақида. – Ғалаба қозондик, ҳатто 20:0 ҳисобига ҳам эришган пайтларимиз бўлди. Биз Аргентина чемпиони ҳисобланган машҳур «Ривер-Плейт» ёшларига қарши ўйнашни орзу қилардик. Ниҳоят шундай ўйин ҳам ўтказилди. Биз 7:1 ҳисобида ғалаба қозондик. Ваъда берганимдек, энг кўп – бешта голни рақиб дарвозасига мен киритдим. Рақиб ғазабланиб, бутун майдон бўйлаб ортимдан югурганини кўриш керак эди».

Беллашувдан кейиноқ ўн ёшли Диего Марадонани Аргентина футболининг умиди сифатида тилга ола бошлашди.

Марадонанинг ўзи катта футболдаги муҳим дебютини «Хуниорс Архентинос» профессионал клубида тўп сургани билан изоҳлайди. Бу воқеа 1976 йил октябрда, унинг туғилган куни арафасида рўй берган эди. Ўшанда Марадонанинг жамоаси ютқазди, шунга қарамай, тренер ҳам, клубдошлар ҳам, спорт журналистлари-ю мухлислар ҳам йигитчанинг маҳоратига жуда катта баҳо бердилар. Улар орасида бир неча ҳафтадан буён стадионга келиб, севимли жамоасининг машғулотларини кузатган ёш соҳибжамол Кристина ҳам бор эди. У Марадонадан икки ёш катта бўлгани боис Диего билан танишишни эп кўрмади. Бироқ дастлабки ўйиндан сўнг Диегога пешвоз югуриб, ўзини журналист деб таништираркан, миннатдорчилик билдирди ва жамоанинг мағлубиятида унинг айби йўқлигини  айтди.

 Ҳакам кўрмаган қўл

Ёш Марадонани Кристинанинг ўта синчковлиги қойил қолдирди ва у кейинги ўйинда голларидан бирини мафтункор суҳбатдошига бағишлашга ваъда берди. Роппа-роса икки ҳафтадан сўнг Диего «Сан-Лоренцо»га қарши ўйинда рақибга чиройли гол киритди. Жамоадаги дўстлари Марадонани табрикламоқчи бўлишганида Диего уларни тўхтатишга уринди ва қичқирди: «Менга эмас, унга миннатдорчилик билдиринглар». Ва Кристина ўтирган мухлислар минбарини кўрсатди. Қиз дугоналари билан «Диего» деб ёзилган улкан плакатни кўтариб олган эди. Орадан ўн йил ўтиб, қандайдир Кристина Синагра Марадонадан ўғил кўргани ва уни отаси шарафига Диего Армандо деб номлаганини маълум қилди. Аммо унинг бу Кристинага сира алоқаси йўқ эди.

18 ёшида Марадона илк бор Аргентина байроғини ҳимоя қилиш учун майдонга тушди. Гарчанд ўртоқлик учрашуви бўлса-да, бу мамлакат термаси учун биринчи ўйин эди. Шу қадар кичик ёшда бу шараф ҳали ҳеч кимга насиб қилмаган эди. Кейинчалик Испания ва Марадона бешта гол киритган Мексика жаҳон чемпионатлари ўтказилди. Аргентиналиклар 1986 йилни умрбод эслашади. Албатта-да, ахир улар чемпион бўлишди. Қолаверса, бутун футбол олами ҳам буни ёдидан чиқармайди. Айнан Мексивада Англия терма жамоасига қарши ўйинда барчанинг кўз ўнгида Марадона қўли билан гол киритди! Бу хатони фақатгина ҳакам билмай қолган эди. Ҳакам футболнинг ҳамма қоидаларига қарши ўлароқ буни гол деб ҳисоблади. 

Италияга саёҳат ёхуд машмашаларнинг бошланиши

Аргентина қаҳрамони Италияга ўйнаш учун ўтганида европалик мухлислар қувончининг чеки йўқ эди. «Мен «Наполи»да ўйнашимдан бахтиёрман!»

Дебют матчидан олдин ўйинни томоша қилишга келган 60.000 ишқибоз Марадона учун махсус ёзилган мадҳияни ижро этди. «Наполи» клуби уни ўша пайтдаги мисли кўрилмаган пулга – 7,5 миллион долларга сотиб олган эди. Ва Марадона ҳар бир центни ҳалол ишлаб берди. У сардор бўлган жамоа Италия чемпиони бўлди, шунингдек, Италия ва УЕФА кубогини ҳаи қўлга киритди. Бироқ Марадона Аргентина терма таркиби ўйинчиси сифатида жаҳон чемпионатидаги италияликлар сафини тарк этгач, мухлислар, журналистлар ва спорт тўралари томонидан ҳақиқий таъқиб бошланди. Бир ўйиндан сўнг унинг қонини текширишди ва тиббий таҳлил Марадонанинг организмида кокаин борлигини кўрсатди.

Диего – қизиққон йигит ва кўпчилик у шу тариқа қаттиқ ҳаяжонини бартараф этишини биларди. Бир неча кун ўтиб, Марадона ҳибсга олинди. Сўроқ давомида у тангликни енгиш учун наркотик қабул қилганини тан олди. Аргентина фахри устидан қаттиқ ҳукм чиқармадилар, лекин у футболдан бир ярим йил муддатга четлатилди.

Шунча муддатли танаффусдан сўнг Марадонани Неаполда интиқлик билан кутишди. Бироқ шартнома амалда бўлишига қарамай, Диего клубга қайтмади. У бир томонлама тартибда «Наполи» билан битимни узди ва жариманинг ҳаммасини ўз чўнтагидан тўлади!

Вилладаги отишма

Диего «Севилья»да тўп суриш учун Италиядан Испанияга ўтди. Бу эса узоқ давом этмади. Кўп ўтмай у Аргентинага қайтди. У ерда АҚШда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўра бошлади. Марадона ҳеч қачон наркотикларга қайтмаслигини ва Аргентина чемпион бўлиши учун бор кучини сарфлашга ваъда берди. Греклар устидан қозонилган ғалаба бунинг гўзал дебочаси бўлди. Аммо...

Аммо кутилмаганда тузатиб бўлмас ҳодиса рўй берди: допинг назорати натижасида бу футболчининг қонида наркотик унсур – эфедрин борлиги аниқланди. Ҳеч қандай тушунтириш-изоҳлар қабул қилинмади ва уни шармандаларча чемпионатдан четлаштиришди. Қолган барча ўйинларни Диего кўз ёшларини қора кўзойнак ортида яширган ҳолда томошабинлар орасида кузатиб ўтказди.

«Сочларингни сариққа...»

Дунёдаги энг истеъдодли футболчининг мавқеи шу тариқа шармандаларча якун топди. Катта спортга қайтишга бўлган барча уринишлар муваффақиятли кечмади. Марадона ўзини тренер сифатида синаб кўрмоқчи бўлди, аммо бунинг ҳам нафи бўлмади.

Марадона серғалва машмашалардан чиқмай қолди. Бир сафар у «юракнинг нотекис уриши» ташхиси билан шифохонага тушди. Кейин аниқ бўлдики, аслида бу ташхис бошқача – «кокаинни кўп қабул қилиш» деб номланар экан. Кейин у Кубага отланди. Озодлик оролида Диего гиёҳвандликка мутеликдан даволанмоқчи эди. Сочларини сариққа бўяб, сезиларли тарзда тўлишган Марадона ўнг билагидаги Че Геварнинг сиймосини кўз-кўз қилганча камера қаршисида савлат тўкадиган бўлди.

Ватанига қайтгач эса у ортиқча кўзлардан қочиш учун вилласига яширинди. Хира журналистлар унга тегишли мулкка кирганларида эса Марадона дўстлари билан пневматик (сиқилган ҳаво ёрдамида ишлайдиган) милтиқдан уларга қарата... ўқ узди. Тергов, суд, яна ғалвалар! Бироқ айнан Диего Марадона отишмани олиб борганини исботлаб бўлмади. Қолаверса, энг асосий ашёвий далил – милтиқ ғойиб бўлган эди.

Геббельс «Роллс-ройс»и

Ўша йилнинг апрел ойида жаҳон футболи юлдузи яна шифохонага ётқизилди. Ваҳоланки, у стадионда бўлиб, севимли жамоасининг ўйинини кузатган, мамнуният билан дастхат улашган эди. Бирдан юрак хуружи тутиб, у зудлик билан клиникага олиб кетилди. Эртаси куни Аргентина оммавий ахборот воситалари Диего Марадона пешоби таҳлилида кокаин нишонаси борлиги ҳақида хабар тарқатди.

«Марадонанинг танаси заҳарга шунчалик тўйинганки, бу организмни ҳалокатга дучор қилиши тайин эди», – дейишди шифокорлар. Ҳушини йўқотган Марадона сунъий нафас олдириш ускунасига улаб қўйилганди. Бир неча кундан сўнг унинг аҳволи яхшиланди. Марадона ўзига келди ва бир неча кун ўтиб, клиникадан жавоб берилди.

Марадона қаерда бўлмасин, хотини ҳамиша унинг ёнида эди. Диего Клаудия билан узоқ 1976 йилда рақс чоғида танишган эди. Иккинчи кунидаёқ уни ота-онасига таништирди. Улар фуқаролик никоҳи асосида бирга яшай бошлашди, тўйни эса ўн уч йилдан сўнг – Дальма Нереа ва Янина Динара исмли қизлари эс-ҳушларини таниганида ўтказдилар.

Тўй роса серҳашам ўтди – бир ярим минг нафар меҳмон ташриф буюрди. Никоҳ оқшомига келин-куёв ўтирган «Роллс-Ройс» билан қўшиб ҳисоблаганда ҳаммаси бўлиб икки миллион доллар пул сарфланди. Айтишларича, ушбу автомобиль қачонлардир Геббельсга тегишли бўлган.

«Клаудия шу қадар узоқ кутдики, мен уни хушнуд қилмасам бўлмасди», – дея изоҳлади Марадона тўйининг бу қадар қулоч ёзгани сабабини.

Ўғил... кимники?

1987 йилда, биз юқорида тилга олган Кристиана Синагра, матбуотга Марадонадан ўғил кўрганини эълон қилди. Шундан сўнг оммавий ахборот воситаларида шовқин-сурон бошланди, Марадона эса бунга ҳеч қандай шарҳ бермади.  Шу тарзда унинг оталиги исботланмай қолди. Диего Синагра исмли бу «ўғил» профессионал футболчи бўлиб етишди ва пляж футболи бўйича Италия терма жамоасида тўп сурди. Айнан шу шов-шувлар боис Марадона жамоатчиликда кам кўринадиган, яқин дўстлари билан фақат ёпиқ ресторан ва кафеларга ташриф буюрадиган бўлди. Бунга оломон орасидан Марадонага қарата ирғитилган тош ҳам сабаб бўлди.

Хорхе Вальданонинг сўзларига кўра, «Марадонанинг ҳаёти – унинг шахсий драмаси. Бутун инсоният унга, у эса бутун инсониятга ҳасад қиларди. Барча Марадонадек яшашни хоҳлар, у эса, аксинча барча каби умргузаронлик қилишни истар эди. Диего эрталаб соат саккизда туриб, болаларини мактабга элтишни хоҳларди. Қайтишда дўконга кириб, озиқ-овқат харид қилишни, кечқурун эса рафиқаси ва фарзандлари билан кўчада сайр этиш ёки ресторанда овқатланишни истар эди».

«Уйдан кетаман...»

1988 йилнинг 2 апрелида Марадона ва Клаудиянинг қизалоғи дунёга келди. Уни Диегонинг онаси номи билан Дальма Нерея деб атадилар. Расмий никоҳдан ўтмаганларига қарамай, улар ўзларини унаштирилган ва эр-хотин ҳисоблашарди. 

Орадан бир йил ўтиб, 1989 йил 16 майда Марадонанинг иккинчи қизи туғилди. Унга итальянча Жаннина Динора деб исм қўйдилар.

Қарангки, қизалоқлар туғилгач, боз устига, юқорида айтганимиздек, Диего Марадона ва Клаудиянинг тўйи ўтганига қарамай, уларнинг кейинги иттифоқи унча узоққа чўзилмади. 2003 йилнинг 7 март куни Клаудия эри билан ажрашиш ҳақида судга ариза берди. Бунинг сабаби, Марадона 1998 йилда уйидан кетиб қолганида эди. Ажримга қарамай, собиқ эр-хотинлар яхши муносабатда қолдилар. Ҳатто кейинроқ Клаудия Марадонанинг агенти сифатида ҳам ишлади.

Марадонанинг қизи Жаннина футболчи Серхио Агуэрога турмушга чиқди. Дальма эса ҳаёт риштасини Аргентина терма жамоаси матбуот котиби Фернандо Молина билан боғлади.

Афсонавий футболчининг ўзига келсак, у 2005 йилдан буён ўзи туғилган юртдан бўлмиш Вероника Охеда билан учрашиб юрди.

Машмашалар давом этади

Аргентина термасидан кетгач, Марадона тренерлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлди. У Португалия термаси ёки Англиянинг «Астон Вилла» клуби бош тренери курсисини кўзлаган эди. Диего яна терма жамоа бош тренерлигига қайтишга хоҳиш билдирди, бунинг учун ўз ёрдамчиларини ишдан бўшатишга ҳам рози бўлди. «Clarin» ва «La Nacion» журналлари томонидан ўтказилган сўровнома якунига кўра, 90 фоиз респондент унинг миллий термага қайтишига қарши овоз берган.

Марадона, шунингдек, мунтазам равишда хайрия тадбирларида иштирок этди. 2010 йилнинг 29 сентябрида у Москвага ташриф буюрди ва «Hublot» соатларини намойиш этди. Махсус ўйинда ҳам қатнашди, ундан тушган 500 минг доллар маблағ саратон хасталигидан азият чекадиган болалар учун ажратилди.

«Мен ушбу таклифни бажонидил қабул қилдим, – деди Марадона. – Мен кўпроқ пул ишлашни жудаям хоҳлагандим, чунки хаста болалар маблағга ўта муҳтожлигини тушунаман. Мен ўзим буваман, болалар келажагимиз эканлигини яхши англайман. Болаларга ёрдам беришни жуда-жуда истаган эдим, ҳар ҳолда бунга эришдим, деган умиддаман».

Ўшанда Жанубий Америкада «афсоналар кубоги» ўтказилди. Плата Дель Мардаги ўйин 8 минг томошабинни жамлади. Бу бежиз эмас, ахир майдонда Аргентина ва Колумбия каби рақиб жамоалар тўп сурди-да! Иккала таркибда эса Диего Марадона ва Карлос Вальдеррам номли машҳур ўйинчилар бор эди. Ўтмиш юлдузлари бу ўйинни ҳақиқий тантанага айлантирдилар. Аргентинанинг собиқ вориси рақиб дарвозасига чиройли гол ҳам киритди.

Сўнгги йиллари

2017 йилнинг 8 майида Марадона Бирлашган Араб Амирлигининг «Ал-Фужайра» клубини бошқарди, бироқ 2018 йил апрел ойида у ердан кетди. Жамоа учинчи поғонадан кўтарила олмаган эди.

Марадона Мексиканинг «Дорадес де Синалоа» клубини бошчилик қилди. 2018 йилнинг январ ойида у ошқозонда қон кетиши туфайли шифохонага ётқизилди. Жарроҳлик операцияси ўтказилди.

2019 йилда «Дорадос» финалгача борди, аммо «Атлетико Сан-Луис»га ютқазди. Марадона бу клубни ҳам тарк этди. Ўша йилнинг 6 сентябрида у «Химнасия ва Эсгрима» клуби бош тренерлигига тайинланди. Клуб мухлислари сони 3 мингтага ошиб кетди. «Химнасия ва Эсгрима» ўз рақибларига уч марта ютқазди, кейин биринчи ғалабасини қўлга киритди. Марадона истеъфога чиқди, бироқ икки кундан сўнг у чақириб олинди. Мавсум якунига кўра, «Химнасия ва Эсгрима» Аргентина чепионати олий дивизонидан учиши керак эди, аммо COVID-19 сабабли мавсум олдинроқ якунланди. Марадона шартномани 2021 йил декабрига қадар узайтирди. Ўзининг айтишича, бу вақт мобайнида Венесуэла терма жамоасини бошқаришни таклиф қилишган, аммо у рад этган.

2020 йил 3 ноябр куни Марадона яна шифохонага ётқизилди. Тағин жарроҳлик операцияси ўтказилди. Сўнг жавоб берилди. 25 ноябрда футбол мухлислари учун нохуш хабар тарқалди. Диего Армандо Марадона юрак етишмовчилиги туфайли ҳаётдан кўз юмди. TN телеканали хабарига кўра, бу хасталикдан ташқари, у бошқа касалликлар: жигар циррози, буйрак хасталиги ва миокардиофиброздан ҳам азият чеккан. Футбол юлдузини сўнгги манзилга кузатиш учун тарнақатор навбат етти мавзегача чўзилиб кетди.

Акбар Фатҳуллаев

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг