Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ливияда ишлаб турган ягона аэропорт бомбардимон қилинди

Ливияда ишлаб турган ягона аэропорт бомбардимон қилинди

Фото: «Reuters»

Ливияда ишлаб турган ягона аэропорт генерал Халифа Хафтар кучлари томонидан бомбардимон қилинди.

Мамлакат пойтахти Триполи шаҳридан 8 километр узоқликда жойлашган Митига халқаро аэропорти ўққа тутилгандан сўнг ҳукумат томонидан ёпилди. Хабар қилинишича, йўловчилар терминалдан чиқиб кета бошлаган.

Халифа Хафтар қўмондонлиги остидаги Ливия миллий армиясининг ҳарбий ҳаво кучлари аэропортнинг учиш-қўниш йўлагини ўққа тутган. Бироз вақт муқаддам Хафтар ҳукуматга тегишли бўлган самолётлар учаётган барча аэропортларни бомбардимон қилиши билан таҳдид қилган эди.

Митига аэропорти аслида ҳарбий мақомда бўлган. 1995 йилда фуқаро аэропортига айлантирилган. Триполидаги халқаро аэропорт 2014 йилда жиддий шикастлангандан сўнг халқаро аэропорт сифатида қўллана бошлади.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йилда Ливияда фуқаролар уруши келиб чиққан эди. Унга кўра мамлакатни 1969 йилдан буён бошқариб келган полковник Муаммар Каддафи ағдарилган ва ўлдирилганди. Унга қарши бўлганлар сафида Франция, АҚШ, Буюк Британия ва бошқа давлатлар коалицияси кураш олиб борган.

Бугунги кунда Ливияда қўшҳокимлик юзага келган. Шарқда, Тобрук шаҳрида парламент бошқаруви ташкил этилган, ғарбда, Триполида эса миллий келишув ҳукумати амалда бўлган. 2014 йилда Хафтар собиқ ҳукмдор Каддафига содиқ бўлган кучларни атрофида тўплаган ва шарқдаги Бенғози шаҳрини қўлга киритган эди. Шундан сўнг мамлакат жанубидаги бой нефт конлари унинг назорати остига ўтган.

Халқаро кузатувчилар Хафтар тимсолида «янги Каддафи»ни кўришмоқда. Уни Миср ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари қўллаши айтилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг