Куба янги конституция қабул қилади
Куба халқ ҳокимияти миллий ассамблеяси (бир палатали парламент) кеча, 22 июль куни мамлакат янги конституцияси лойиҳасини тасдиқлади. «ТАСС» хабар қилишича, ҳужжат бир овоздан қабул қилинган.
Шу йилнинг 13 августидан 15 ноябригача конституция лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилади, унда миллионлаб кубаликлар иштирок этади. Кейин яна парламент таҳриридан ўтиб, йил охирида умумхалқ референдуми ўтказилиши режалаштирилган.
Янги конституциядан мақсад шуки, амалдаги конституция қабул қилинган 1976 йилдан бери Кубада жиддий ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар юз берди. Лойиҳа устида шу йил апрелида истеъфога чиққан мамлакатнинг 87 ёшли раҳбари Раул Кастро бошчилигидаги комиссия иш олиб борди.
Конституцияга киритиладиган жиддий ўзгаришлар сифатида хусусий мулкчиликнинг пайдо бўлиши, президент ва бош вазир лавозимларининг таъсис этилиши, давлат раҳбари лавозимида икки муддат (ҳар бири беш йилдан)дан ортиқ қолишнинг чекланиши кабиларни санаб ўтиш мумкин.
Бироқ бир жиҳат янги конституцияда ўзгаришсиз қолади — давлат социалистик хусусиятини, коммунистик партия жамият ҳаётида етакчи мақомини сақлаб қолади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter