Коронавирус кучаймоқда, аммо Тожмаҳал ва мактаблар очилди
Ҳиндистонда коронавирус эпидемияси тобора кучайиб боряпти, шунга қарамасдан, Тожмаҳал обидаси ва қатор мактаблар, бугун, душанба кунидан очилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
Ҳукумат вакилларига кўра, Тожмаҳал зиёратига борганда коронавирусга қарши барча эҳтиёт чораларни кўриш, хусусан, масофани сақлаш талаб этилади.
Март ойининг ўрталаридан ёпилган Тожмаҳалга бугуннинг ўзида юзлаб одамлар зиёратга боришган. Обитдага кун давомида 5 минг киши кириб чиқишига рухсат этилган, бу пандемиягача бўлган кўрсаткичнинг чорак қисмига тенг.
ОАВ хабарларига кўра, бугундан бошлаб 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўқувчиларнинг кўнгилли асосда мактабларга боришига рухсат берилган. Шунинг баробарида, аксарият штатларда мактабларни очишга ҳали эрта деб ҳисоблашяпти. Таълим муассасалари очилишига рухсат берилган айрим штатларда мактабларнинг ўзлари дарсларни ўтказишга қарши чиқмоқда.
Ота-оналар ҳам болаларини мактабга жўнатишга ошиқаётгани йўқ. Масалан, Ассам штататидаги қишлоқ мактабларидан бирига 400 ўқувчидан 8 нафари дарсга борган.
Таъкидлаш керакки, Ҳиндистон пандемия антирекордлари бўйича дунёда етакчи ўринларга чиқиб олди, айниқса, ҳозир коронавирус авжига чиққан. «Worldometer» маълумот беришича, 21 сентябрь ҳолатига Ҳиндистонда коронавирусга чалинганлар сони 5,4 млн. нафардан ошди. Беморларнинг 87,9 минг нафари вафот этган. Ҳиндистоннинг биргина яхши статистикаси бор: соғайиб кетганлар сони (4,3 млн. нафардан зиёд) бўйича дунёда биринчи ўринда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter