Кибержиноят: Россиядаги телеканаллардан бирида Зеленскийнинг мурожаати қўйиб эшиттирилди (видео)
Жорий йил 25 январь куни маҳаллий вақт билан соат 16:20 ларда Россиянинг Белгород вилоятида хакерлар телесигналларни рухсатсиз алмаштириб, эфирга Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг мурожаатини қўйиб эшиттирган. Бу ҳақда РБК нашри хабар бермоқда.
«Бугун, 25 январ куни сунъий йўлдошдан телевизион сигнални рухсатсиз алмаштиришди. Навбатчилар тезкорликда захира сунъий йўлдошдан сигнал қабул қилишга ўтишди ва телевизор сигналининг эшиттириши одатдагидек давом этди. Сабаблари аниқланмоқда», – дейилади матбуот хизмати хабарида.
Қрим раҳбари маслаҳатчиси Олег Крючковнинг сўзларига кўра, минтақада ҳам худди шундай воқеа содир бўлган.
«Зеленскийнинг мурожаати телеканаллар орқали трансляция қилинмаган. Вазиятни тушунтиришга ҳаракат қиламан: Қримда эфирга узатиш ишончли ҳимояланган ва ҳамма нарса дастур тармоқлари бўйича одатий режимда эфирга узатилади. Жумладан, интернет орқали узатиладиган телеканаллар иловалари ҳам.
Аммо махсус операция (Россиянинг Украинага қарши уруши, -таҳр.) бошида ушбу иловаларнинг дастурий кодлари Украина махсус хизматларига ўтказилган. Ҳозирда ҳамма телеканаллар ҳам, интернетда ишлайдиган кабел операторлари ҳам хавфсиз дастурий таъминотга эга деб бўлмайди», – дейди Крючков.
У шу сабабли вақти-вақти билан «бундай ҳодисалар» юзага келишини қўшимча қилган ва тез орада интернет-кўрсатувлар ишончли ҳимоя қилинишига ваъда берган.
Россия ҳукумати вакиллари киберҳужумда Украина хакерлари қўли борлигини ва уларга АҚШ махсус хизматлари томонидан ёрдам кўрсатилганлигини маълум қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter