«Капалак эффекти». Украинадаги воқеалар Доминикан Республикасини иқтисодий инқирозга тайёргарлик кўришга ундади
Доминикан Республикаси Украинадаги уруш келтириб чиқарадиган иқтисодий инқирозга тайёргарлик кўришни бошлади. Бу ҳақда мамлакат президенти Луис Абинадернинг баёнотига асосланиб «El Dia» хабар берди.
«Биз дунёдаги вазиятга тубдан таъсир қилиб, янги иқтисодий инқирозни келтириб чиқариши мумкин бўлган ўзгача инқирозли вазият билан тўқнашяпмиз», — таъкидлади сиёсатчи.
Абинадернинг айтишича, коронавирус пандемияси келтириб чиқарган иқтисодий қийинчиликлар глобал инфляцияга сабаб бўлганди. Энди янги глобал инқироз пишиб етилмоқда.
Президент тахминича, глобал инқироз хом ашё ҳамда буғдой, соя ва жўхори каби асосий озиқ-овқат маҳсулотлари бозорларини қамраб олади. Абинадер инқироз оқибатларини бартараф этишга қаратилган махсус чораларни 27 февраль куни эълон қилишини айтди.
Доминикан Республикаси иқтисодчиларининг ҳисоб-китобларига қараганда, нефтнинг ҳар баррели учун тўланадиган қўшимча доллар мамлакатнинг харажатларини 75 миллион долларга оширади. Украина инқирози туфайли бир баррел нефтнинг нархи ҳозирданоқ 100 доллардан ошган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter