«Иззатини билмаган меҳмон»: Навальний немисларнинг ғашига тегмоқда
Германияда чоп этилувчи «Süddeutsche Zeitung» газетаси Алексей Навальнийнинг қуюшқондан чиқиб кетаётганидан норози немис фуқароларининг хатларини эълон қилди.
Бу ерда гап Навальнийнинг собиқ канцлер Герхард Шрёдерга муносабати ҳақида кетмоқда. Навальний немис сиёсатчисини Россия ҳукуматидан хуфиёна пул олиб турганликда айблаган, қолаверса, уни қотиллар ҳимоячиси Путиннинг югурдаги деганди.
Ҳозир Германияда даволанаётган рус мухолифатчиси меҳмондўстлик ҳурматини бузгани ўқувчилардан бирини ранжитган. «Мамлакатимиз меҳмони бўла туриб, назаримда, ички сиёсатимизга аралашишга унинг ҳаққи йўқ», — деб ёзди Вольфганг Хайнц.
Бошқа бир муштарий Шрёдерни Германия иқтисодиётини ривожлантиришга ва унинг манфаатларини ҳимоя қилишга беқиёс ҳисса қўшган етакчилардан бири деб ҳисоблашини маълум қилган. Яна бир ўқувчини эса Германия ҳукумати индамай Навальнийнинг «оғзига қараб ўтириши» ажаблантирган.
Эслатиб ўтамиз, Алексей Навльний 20 август куни самолётда парвоз қилаётганида саломатлиги ёмонлашганди. Аввалига Омскдаги шифохонага ётқизилди, кейин даволаш учун Германияга олиб кетилди. Немис шифокорлари у «Новичок»дан заҳарланган деган хулоса бергач, Ғарб мамлакатлари ва Россия ўртасидаги зиддият янада кескинлашди. Навальнийга эса даволаниш тугагач, 23 сентябрь куни «Charite» шифохонасидан жавоб берилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter