Исроил яна Ғазодаги шифохонага яқин ҳудудларни бомбалади
Кеча, 9 ноябр тунда Ғазо секторидаги Индонезия касалхонасига яқин ҳудудларга Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан учирилган 11 та снаряд келиб тушган.
Индонезия шифохонаси атрофидаги ҳудудни нишонга олган Исроил ҳаво ҳужумлари ҳақидаги хабарларни Индонезия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам тасдиқлади. Ҳаво ҳужуми оқибатида тиббиёт муассасасига зарар етказилган.
«Исроил ҳарбийлари Ғазо секторидаги Индонезия касалхонасига энг яқин ҳудудда жойлашган Тализатар ҳудудини нишонга олган. Касалхонага жиддий зарар етди», – деди Индонезия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Лалу Муҳамад Иқбол.
Дипломатнинг аниқлик киритишича, бомбардимондан сўнг шифохона иш фаолияти мувофиқлаштирилган. Касалхонада кўнгилли бўлган ва Ғазодан эвакуация қилинишни истамаган уч индонезияликка зарар етмаган.
Шунингдек, у Исроил ҳаво кучларининг жамоат жойлари ва тинч аҳолига уюштирган ҳужумларини қоралаган.
«Индонезия фуқаролар ва фуқаролик объектларига, айниқса Ғазо секторидаги гуманитар объектларга қилинган ваҳшиёна ҳужумларни яна бир бор қоралайди», – деди мамлакат ТИВ вакили.
Эслатиб ўтамиз, жорий ҳафта бошида Исроил Индонезия касалхонасини ҲАМАС учун операциялар базаси сифатида хизмат қилганликда айблаган, Индонезия ҳукумати ва шифохона раҳбарияти эса айбловни рад этган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter