Ирландлар миллионта сигирни ўлдиришига тўғри келади: чунки улар кавш қайтаради
Қишлоқ хўжалиги саноатига қаттиқ боғланиб қолган Ирландия сайёрани хавфли газдан қутқариш учун кескин чоралар кўришга мажбур бўлади. Мамлакатда метан чиқиндиларини камайтириш бўйича мажбуриятларни бажариш учун 1,3 миллион бош қорамол сўйилади, деб ёзади The Guardian.
Иқлимга таъсирни камайтириш учун сигирларни ўлдириш заруратини Irish Farmers Journal ҳафтаномаси томонидан буюртма берилган тадқиқотда аудиторлик фирмаси таҳлилчилари маълум қилишди.
Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ирландияда зарарли чиқиндиларнинг 35 фоизи қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келади. Бу Европадаги ўртача 11 фоизни ҳисобга олган ҳолда юқори кўрсаткичдир. Шу билан бирга, сектор эмиссиясининг ярмидан кўпи (60 фоизи) гўнгдан ва кавш қайтарувчи ҳайвонлар кекирганда ажраладиган хавфли метан газидир.
Ирландия 2030 йилга келиб метан эмиссиясини 2020 йилги даражасидан 30 фоизга камайтириш бўйича глобал мажбуриятга қўшилди. Мамлакат ҳукумати, шунингдек, 2030 йилгача карбонат ангидрид билан ифлосланиш даражасини 50 фоизга қисқартиришга ваъда берди ва 4 ноябрь куни барча саноатларни карбонсизлантириш стратегиясини тақдим этади.
KPMG таҳлилчилари бир нечта мумкин бўлган сценарийларни кўриб чиқдилар ва агар ҳукумат қишлоқ хўжалиги сектори учун чиқиндиларни 30 фоизга қисқартиришни мақсад қилса, Ирландия иқтисодиёти 4 миллиард евро ва 56 минг иш ўринларини йўқотишини тахмин қилишди. Бунга эришиш учун қорамолнинг 20 фоизидан қутулиш керак – 6,5 миллион сигирнинг 1,3 миллионини сўйиш керак бўлади. Aгар эмиссияни қисқартириш бўйича мақсад 21 фоиз бўлса, поданинг 5 фоизи ёки 325 минг жониворни ўлдиришга тўғри келади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter