Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

20 йилдан бери Озарбойжонни бошқараётган Илҳом Алиев яна президентлик учун номзод сифатида кўрсатилди

20 йилдан бери Озарбойжонни бошқараётган Илҳом Алиев яна президентлик учун номзод сифатида кўрсатилди

Фото: ERR

«Янги Озарбойжон» партияси бошқаруви мамлакатнинг амалдаги президенти Илҳом Алиевни 2024 йил февралида бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари президентлик сайловига номзод сифатида кўрсатди. 15 декабр, жума куни ҳукмрон партия раиси ўринбосари Тоҳир Будагов партия 20 йилдан бери ҳукмронлик қилиб келаётган Алиевнинг номзодини қўллаб-қувватлашини, чунки унинг раҳбарлигида Озарбойжон «муҳим ютуқлар» ва «тарихий ғалаба»га эришганини айтди.

Декабр ойи бошида Алиев мамлакатда 2024 йил 7 февралда навбатдан ташқари президентлик сайловлари ўтказилишини эълон қилган эди. Кузатувчиларга кўра, у Тоғли Қорабоғ минтақаси Боку назоратига қайтганидан кейин ўзининг юқори рейтингидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Давлат ижтимоий сўровлар институти маълумотларига кўра, фуқароларнинг қарийб 75 фоизи Алиевнинг Арманистон билан можародаги сиёсатини қўллаб-қувватлайди.

Озарбойжон президенти, қонунга кўра, 7 йил муддатга сайланади. Бу мамлакатда охирги марта президентлик сайловлари 2018 йил баҳорида ўтказилган бўлса, кейинги сайловлар 2025 йилга белгиланган эди.

Илҳом Алиев Озарбойжонни 2003 йилдан бери бошқариб келяпти, ўшанда у отаси Ҳайдар Алиевнинг лавозимини эгаллаганди. 2009 йилда референдумда конституцияга давлат раҳбарига бу лавозимни чексиз эгаллашга рухсат берувчи ўзгартириш киритилди. 2016 йилда яна бир конституциявий ислоҳот амалга оширилди, унинг давомида президентлик муддати 7 йилга узайтирилди. Ўша йили Алиев рафиқаси Меҳрибонни вице-президент этиб тайинлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг