«Ҳокимият учун кураш фитналарга бой кечади» – ўзбекистонлик таҳлилчилар Трампга суиқасд ҳақида
13 июль куни Пенсильвания штатидаги сайловолди учрашув пайти АҚШ президентлигига номзод Дональд Трампга қарши суиқасд уюштирилгани ҳақида хабар берилган эди.
20 ёшли Томас Мэтью Крукс исмли шахс томонидан отилган ўқ Трампнинг ўнг қулоғини ялаб ўтган. Сиёсатчи енгил жароҳат олган, мерган эса отиб ўлдирилган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев зўравонлик ҳаракатини кескин қоралаб, Трампга тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.
Ўзбекистонлик блогер ҳамда сиёсатшунослар ҳам ушбу ҳодисага муносабат билдирмоқда.
«Шунақа вазиятларда улардаги (АҚШ назарда тутилмоқда ؘ– таҳр.) ҳолатни кузатиш қизиқ. Бошқаларга ўхшамаган давлат. Трамп республикачи бўлишига қарамай демократлар ҳам унга нисбатан бўлган ҳолатни қораламоқда. Ҳозирча учта собиқ АҚШ президентлари ва Байден баёнотини ўқидим. Бирдамлик кўрсатяпти. Ҳаммаси сиёсий зўравонлик ҳолатларига қаршилигини ифодалаяпти. Бир нечта собиқ президентлар баёноти, номзодлар орасида тенг рақобат борлиги, қонунлар ишлайди, қандай бахтли давлат-а?» – деб ёзди блогер Зафарбек Солижонов.
«Трампга суиқасд – АҚШдаги ўта кескин ҳолатни (демократлар ва республикачилар ўртасидаги қарама-қаршилик кучли фазада) янги фуқаролар урушига айлантиришга уриниш бўлиши мумкин. Ҳозир Трампнинг тарафдорлари ҳеч қандай шубҳасиз айбни Байденга юклайди. Ўзи шундоқ ҳам қийин вазиятда турган кекса Байденнинг рейтинги янада пастлаб кетиши эҳтимоли катта. Трамп ўзидан жабрдийда ясаш ўйинини қойиллатаётгандек. Аввалига иқтисодий ва жиноий судларини унга қарши қаратилган сиёсий айбловлар деб таърифлади. Энди суиқасд қурбони. Трампнинг президент бўлиши борган сари ҳақиқатга айланяпти», – дея фаразлари билан ўртоқлашди таҳлилчи Муҳаммадқодир Собиров.
«Трампнинг ўққа тутилиши ва омон қолиши унинг энди президент бўлишини муқаррар қилди деса ҳам бўлади. Бу унинг сиёсий ва молиявий элитага қарши курашувчи шаҳид образини яна мустаҳкамлади», – деб ҳисоблайди BBC журналисти Ибрат Сафо.
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов шанба оқшомида рўй берган отишмани «АҚШдаги сиёсий вазиятни кардинал ўзгартирувчи идеал ҳодиса» деб атади.
«Бир томондан, Трампга ҳужум бўлди, ўқ қулоғига теккан, унинг қони тўкилган. Иккинчи томондан эса, ҳеч қандай реал зарар етказмаган. Ўзи шундоқ ҳам Байденнинг сиёсий вазияти яхши эмас эди. Бу воқеадан сўнг Трампга нисбатан ачиниш, у томон оғиш фоизи анча ошади.
Ишонаман, бу ишни на Трампнинг ўзи, на Байден тарафдорлари уюштирган. Бу каби қалтис ўйинларда, агар кимдир буюртма берган бўлса ҳам, унга олиб борувчи изларни йўқотиш жуда кучли ўйланади. Қолаверса, энг қизиғи – снайпер Трампнинг кичик қулоғини учига маҳорат билан теккан, лекин катта бошига тегмаган.
Шунингдек, бундай ишни режалаган ҳар қандай ақли расо одам тирик қолмаслигини жуда яхши билади. Худди шундай бўлди ҳам – 20 ёшли кўринишидан осиёлик бўлган, асли республикачи партияси аъзоси бўлган снайпер тезда отиб ўлдирилган, тириклай қўлга олинмаган. У «Трампни ёмон кўрганлиги» маълум қилинган.
Агар бу иш тасодиф ва якка шахснинг режаси бўлса, Трамп ва республикачилар учун жуда зўр совға. Агар бошқа вариантлар бўлса, бу ҳам республикачилар ғалабаси учун чуқур режаланган проект. Катта ҳокимиятлар учун кураш ҳам жуда катта, қалтис ва фитналарга бой бўлади», – дея хулоса ясайди К.Раббимов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter