«Ўлим ёмғири. Ҳиндистонда 3 миллион киши уйини тарк этишга мажбур бўлди
Ҳиндистон шимоли ва шимоли-шарқида муссон ёмғирлари кучли сув тошқинларига сабаб бўлмоқда. «Regnum» ёзишича, Ассам штатида юз берган кучли сув тошқинларидан 25 округда яшовчи 1,4 миллион киши жабр кўрди. Маҳаллий ҳокимият жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш учун 62 та лагерь ташкил қилди.
«Сув босиши оқибатида штатда жойлашган 25 та округ ва 2 217 та қишлоқ талафот кўрди. Жами 1,4 миллион киши жабрланган. Жабрланганлар учун лагерлардан ташқари ёрдамни тақсимловчи 172 та марказ ташкил этилди», — деди маҳаллий ҳокимият вакили Кумар Санжай Кришна.
Ҳиндистоннинг «Жагран» агентлиги хабарига кўра, Браҳмапутра дарёси қирғоқларидан тошиб чиқиши оқибатида айни пайтда штатдаги 180 та қишлоқ сув остида қолмоқда. Маҳаллий аҳоли эса ҳокимият ўз вақтида ва етарлича ёрдам кўрсата олмаётганидан шикоят қилмоқда.
Минтақадаги йўл ва кўприкларга, катта майдонлардаги экинзорларга жиддий зарар етган. Ичимлик суви етишмовчилиги ҳам айни пайтда энг катта муаммолардан бири бўлиб турибди.
«Интерфакс» хабарига кўра, муссон ёмғирлари оқибатида юзага келган сув тошқинлари сабабли Ҳиндистон шимоли ва шимоли-шарқида яшовчи 3 миллиондан ортиқ инсон уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
«BBC» хабарида муссон ёмғирлари сабабли юзага келган тошқинлардан 130 дан зиёд инсон ҳалок бўлгани айтилади.
Маълумот учун: муссон мавсуми июндан сентябргача давом этади. Ўтган йили шу мавсумда 1 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter